
АҚШ ва Ўзбекистон муҳим фойдали қазилмалар ҳамда камёб ер элементларини қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида етказиб бериш ишончлилигини таъминлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.
Ҳужжат Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау томонидан муҳим фойдали қазилмалар бўйича вазирлар учрашуви доирасида имзоланди. АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкил этилган учрашув 4 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтди, унда 54 та давлат ва Европа комиссияси вакиллари, шу жумладан 43 та давлат ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.
Бахтиёр Саидов Ўзбекистон муҳим фойдали қазилмалар соҳасида «катта салоҳиятга» эга эканини ва «соҳани энг юқори халқаро стандартларга мувофиқ ривожлантириш тарафдори» эканини таъкидлади.
«Биз муҳим фойдали қазилмаларга нафақат иқтисодий имконият, балки масъулиятли шериклик ва узоқ муддатли барқарор ривожланиш соҳаси сифатида қараймиз», — деб ёзди у Telegram каналида.
Саммит доирасида Бахтиёр Саидов АҚШ давлат котиби Марко Рубио билан фикр алмашди. «Нафақат икки томонлама кун тартибидаги масалалар, балки глобал даражадаги энг ўткир муаммолар ҳам муҳокама қилинди», — деб қайд этди ТИВ раҳбари.
Алоҳида учрашувда Бахтиёр Саидов ва Кристофер Ландау АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик, жумладан «иқтисодий ва савдо алоқаларини кенгайтиришда келгусидаги ҳамкорлик» масалаларини муҳокама қилдилар.
«Давлат котиби ўринбосари Ландау ва ташқи ишлар вазири Саидов ҳар икки давлат иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим фойдали қазилмаларнинг асосий ўрнини таъкидладилар. Қўшма Штатлар Ўзбекистон билан ноқонуний миграцияга қарши курашиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ва C5+1 (Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ) дипломатик платформаси доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришда икки томонлама шерикликни чуқурлаштиришга умид қилади», — дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Вашингтондаги саммит якунларига кўра, АҚШ яна тўққизта давлат: Аргентина, Кук ороллари, Эквадор, Гвинея, Марокаш, Парагвай, Перу, Филиппин ва БАА билан муҳим фойдали қазилмалар бўйича икки томонлама меморандумлар имзолади.
«Ушбу келишувлар мамлакатларнинг нарх шаклланиши муаммоларини ҳал қилиш, ривожланишни рағбатлантириш, адолатли бозорлар яратиш, устувор етказиб бериш занжирларидаги бўшлиқларни бартараф этиш ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш борасидаги ҳамкорлиги учун асос бўлади», — деб таъкидлади Давлат департаменти.
«Қўшма Штатлар ўз ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан биргаликда жаҳон муҳим фойдали қазилмалар ва камёб ер элементлари бозорини ўзгартиришга киришди… Бугунги кунда ушбу бозор юқори даражада марказлашган бўлиб, бу уни сиёсий мажбурлаш ва етказиб бериш занжирини бузиш воситасига айлантирмоқда ҳамда асосий манфаатларимизни хавф остига қўймоқда. Биз янги етказиб бериш манбаларини яратамиз, хавфсиз ва ишончли транспорт ва логистика тармоқларини ривожлантирамиз ҳамда глобал бозорни бошидан охиригача хавфсиз, диверсификацияланган ва барқарор бозорга айлантирамиз», — дея қўшимча қилди идора.
2026 йил 2 февраль куни АҚШ президенти Дональд Трамп муҳим фойдали қазилмаларнинг стратегик захирасини яратиш ҳақида эълон қилди. «Бугун биз Америка корхоналари ва ишчилари ресурслар тақчиллигидан ҳеч қачон зарар кўрмаслигини кафолатлаш учун Project Vault деб номланувчи лойиҳани ишга туширмоқдамиз», — деди Трамп Оқ уйдаги тадбирда. Лойиҳа автоишлаб чиқарувчилар, технологик компаниялар ва бошқалар учун минералларни сотиб олиш ва сақлаш мақсадида 1,67 млрд долларлик хусусий капитални АҚШ Экспорт-импорт банкининг 10 млрд долларлик кредити билан бирлаштиради.