Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Сенат Ўзбекистонда ислом банк ишини жорий этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати 2026 йил 5 февраль куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистонда ислом банк фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Мажлисда сўзга чиққан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев сўнгги йилларда халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик доирасида иқтисодиётни ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, микромолия ташкилотлари томонидан ислом молиявий хизматларини кўрсатиш учун ҳуқуқий асос 2024 йил июль ойида яратилган бўлса-да, солиқ нейтраллиги мавжуд эмаслиги сабабли уларнинг микромолия ташкилотлари кредит портфелидаги улуши жуда кам — 3,8 млрд сўм ёки 0,04 фоизни ташкил этмоқда.

Маъқулланган қонун ислом банк фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ва банклар томонидан ислом молиявий хизматларини кўрсатиш тартибини белгилаб беради. Бунинг учун Фуқаролик ва Солиқ кодексларига, шунингдек, «Марказий банк тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларга ва қатор бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

«Марказий банк тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, регулятор кредит ташкилотлари учун ислом молияси стандартларини тасдиқлаш, шунингдек, ислом банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар бериш, қайта расмийлаштириш ва уларни қайтариб олиш ваколатларига эга бўлади.

Бундай лицензияни олган банклар бир вақнинг ўзида ҳам анъанавий банк операцияларини, ҳам ислом молияси соҳасидаги операцияларни амалга оширишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, Марказий банк ҳузурида Ислом молияси бўйича кенгаш тузиш кўзда тутилмоқда. Коллегиал орган беш нафар аъзодан иборат бўлиб, регулятор назоратидаги субъектларнинг ислом молиявий фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Кенгаш ваколатлари, ҳуқуқий мақоми ва аъзоларига қўйиладиган талаблар Марказий банк бошқаруви томонидан белгиланади.

Ислом молияси бўйича кенгаш ислом молияси стандартларини ишлаб чиқади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этади, баҳсли масалалар бўйича тушунтиришлар беради ва ислом молиявий фаолияти билан боғлиқ низолар бўйича хулосалар чиқаради.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар билан ислом банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан банк операцияларининг умумий қоидалари — ҳисобварақлар очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларни жалб қилиш ва кредитлар (қарзлар) бериш бўйича қоидалар қўлланилиши белгиланмоқда.

Қонун билан банклар тегишли лицензия асосида кўрсатиши мумкин бўлган ислом молияси хизматлари рўйхати ҳам белгилаб берилди:

  • мижозни молиялаштириш ёки фойдани тақсимлаш шарти билан пул маблағларини инвестициявий депозитларга жалб қилиш,
  • агентлик шартномаси асосида пул маблағларини тақдим этиш ёки инвестициявий депозитларни жалб қилиш,
  • товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш,
  • товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш,
  • юридик шахсларнинг шериклигида ёки устав капиталида иштирок этиш,
  • мол-мулкни сотиб олиш ҳуқуқи билан ислом ижарасига бериш.

Бундан ташқари, агар бундай операциялар ислом молиявий операциялари доирасида амалга оширилса, савдо фаолияти ва юридик шахсларнинг устав капиталларида иштирок этиш бўйича чекловлар ислом банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга нисбатан қўлланилмаслиги кўзда тутилган.

Ислом банк фаолияти учун лицензияга эга бўлган банклар учун, шунингдек, йилига камида бир марта ислом молияси бўйича ташқи аудит ўтказиш мажбурий этиб белгиланмоқда.

Ўзгаришлар микромолия ташкилотларига ҳам тааллуқли. Солиқ кодексида алоҳида боб билан ислом молиявий операцияларига солиқ солиш хусусиятлари мустаҳкамланмоқда.

Хусусан, ислом молияси доирасида товарларни реализация қилишдаги устама ҚҚСдан озод қилинади, ислом молиявий фаолиятидан олинган даромадлар фоизли даромад деб тан олинади, ислом ижараси шартномалари эса молиявий ижара ва лизинг шартномаларига тенглаштирилади.

Бундан ташқари, аҳоли омонатларини кафолатлаш механизмлари ислом банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга ҳам татбиқ этилади.

Ислом банк фаолиятини лицензиялаш учун банк лицензияси учун белгиланган миқдорда давлат божи белгиланади — бу ташкил этилаётган банк устав капитали минимал миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.

Шунингдек, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган кредит ташкилотлари томонидан ислом молиявий фаолияти доирасида амалга ошириладиган харидларга «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари қўлланилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Ҳужжат билан банк лицензиясини олиш учун қўшимча талаб — банк биноларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар яратилганлиги тўғрисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги инспекция хулосаси мавжудлиги жорий этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил май ойида муҳокамага қўйилган президент қарори лойиҳаси билан Ўзбекистонда ислом банк иши ва молияси инфратузилмасини яратиш режалаштирилган эди.

Ҳужжатда фоиз (рибо) кўринишидаги мукофотни тақиқлашни жорий этиш, тадбиркор билан фойда ва зарарларни лойиҳадаги иштирок улушига мутаносиб равишда тақсимлаш, суғурта фаолияти (такафул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан боғлиқ операциялар (сукук) ва ислом молияси тамойиллари асосидаги бошқа операцияларни амалга ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди.