Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Гаровдаги мол-мулкни ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда гаровга қўйилган мол-мулкни ноқонуний тасарруф этганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу нормани ўз ичига олган қонун лойиҳаси 2026 йил 3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ҳужжат билан гаровдаги мол-мулкка сезиларли бўлмаган зарар етказганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни янги 61−3-модда билан тўлдириш кўзда тутилган.

Гаровга қўйилган мол-мулкни ноқонуний тасарруф этиш деганда уни ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, йўқ қилиш ёки унга шикаст етказиш тушунилади.

ЎзЛиДеП партиясидан депутат Хушвақт Ҳайитов таъкидлаганидек, ҳозирда Жиноят кодексининг 233-моддаси бўйича жавобгарлик фақат кўп миқдорда — базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 100 бараваридан 300 бараваригача (41,2 млн сўмдан 123,6 млн сўмгача) зарар етказилганда юзага келади.

Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, кичик ёки сезиларли бўлмаган миқдорда — БҲМнинг 30 бараваридан 100 бараваригача (12,36 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача) зарар етказилганда маъмурий жавобгарлик амал қилади.

Депутатнинг сўзларига кўра, тижорат банклари кредитлари бўйича гаровда бўлган транспорт воситаларига ундирувни қаратишда аниқланган муаммолар ушбу ташаббусни ишлаб чиқишга асос бўлган.

«Гаровга қўювчининг ихтиёрида қолдирилган транспорт воситаси бошқа шахсларга ижарага, текин фойдаланишга ёки бошқача тарзда бериб юборилиб, шундан сўнг Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқиб кетилиш ёки қидирувдан яшириш ҳолатлари қайд этилган», — деди депутат.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июль ойида Божхона қўмитаси Тожикистонда 60 га яқин автомобилни ташиш ва ноқонуний сотишда гумон қилинган саккиз кишидан иборат гуруҳни фош этган эди. Улар машиналарни 100−200 доллар миқдоридаги мукофот эвазига ҳайдаб ўтишган.