Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/02/2026

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бошланди. У 28 февралгача давом этади

Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бошланди, деб хабар берди Миллий статистика қўмитаси.

2026 йил 4 февралдан 28 февралгача маҳаллалардаги «еттилик» вакиллари хонадонма-хонадон юриб, 15−31 январь кунлари онлайн рўйхатдан ўтмаган ёки анкеталарни хато ва ноаниқликлар билан тўлдирган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни планшетлар ёрдамида электрон тизимга киритади.

Агар барча маълумотлар тўғри бўлса ҳам, рўйхатга олувчилар аҳоли хонадонларига ташриф буюриши мумкин. Бу халқаро ташкилотлар тавсияларига асосан маълумотларнинг аниқлиги ва сифатини баҳолаш учун амалга оширилади. Одатда, такрорий текширувлар рўйхатга олиш иштирокчилари умумий сонининг 10−15 фоизини қамраб олади.

Фуқароларга паспорт маълумотлари, болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, уй-жой ва ер участкаси ҳақидаги маълумотларни олдиндан тайёрлаб қўйиш тавсия этилган.

Агар уй хўжалиги қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланса, қўшимча равишда ернинг умумий майдони, қишлоқ хўжалиги экинлари, шунингдек, ҳайвонлар ва паррандалар сони ҳақидаги маълумотлар зарур бўлади.

17 кунлик онлайн рўйхатга олиш давомида унда 30 миллиондан ортиқ киши иштирок этди — бу Ўзбекистондаги жами уй хўжаликларининг 82,3 фоизини ташкил этади. Олис ва тоғли туманлардаги 224 та маҳаллада аҳоли ва қишлоқ хўжалиги 2025 йил ноябрь ойида муддатидан олдин рўйхатга олинган эди.

Рўйхатга олувчини қандай текшириш мумкин

Рўйхатга олишни ўтказаётган шахсларда QR-кодли бейдж бўлиши керак, у орқали рўйхатга олувчи ҳақидаги маълумотларни текшириш мумкин.

Шубҳа туғилган тақдирда, рўйхатга олувчи ҳақида қўшимча маълумот олиш учун 1851 қисқа рақами орқали колл-марказга мурожаат қилиш мумкин.

Рўйхатга олувчиларнинг ҳаракатлари GPS орқали кузатиб борилади. Агар маълумотлар хато ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда киритилса ёхуд рўйхатга олувчи хонадонга бормасдан ва белгиланган қоидаларга риоя қилмасдан анкетани тўлдирса, улар тизим томонидан қабул қилинмайди, планшетга эса автоматик равишда огоҳлантириш келади.

Тақдим этиладиган барча маълумотлар махфий бўлиб, улардан фақат статистик таҳлил ва мамлакатни ривожлантиришни режалаштириш учун фойдаланилади. Улар солиқ, текширув ёки бошқа маъмурий мақсадларда ишлатилмайди, деб эслатди қўмита.

Миллий статистика қўмитаси вакили Зоир Йўлдошев фуқаролардан СМС-кодлар ёки бирор-бир пул маблағлари талаб қилинмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Аввалроқ рўйхатга олиш учун 7,6 миллиондан ортиқ уй хўжалиги ва турар-жой объектларининг геолокацияси шакллантирилгани ҳамда жараённи реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи махсус мониторинг панеллари ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Жами 60 мингга яқин рўйхатга олувчи тайёрланган. Жараёнга «маҳалла еттилиги»нинг 54 минг вакили, 2600 нафар захира ходими ва ҳудудий штабларнинг 4000 нафар аъзоси жалб этилган. Вазирлик ва идоралардан 480 нафар тренер, шунингдек, олий ўқув юртларидан 3200 нафар кўнгилли ўқитилган.

Бунгача Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 37 йил аввал — 1989 йилда ўтказилган эди.