Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонда инфляция янгича ҳисобланади: кўпроқ маълумотлар, янги формула

Янгича ҳисоблар кузатувлар кўлами, маълумотлар манбалари, инфляцияни ҳисоблаш формулалари ва статистикани эълон қилиш муддатларига дахлдор. Янгиланган ёндашув нархларнинг реал ўзгаришини ва аҳоли истеъмол харажатлари таркибини аниқроқ акс эттиришга қаратилган, деб хабар берди Миллий статистика қўмитаси.

Ўзгаришлар қўмита томонидан халқаро ташкилотлар тавсиялари ва бошқа мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда жорий этилмоқда.

Ҳозирда қандай нарх кўрсаткичлари шакллантирилмоқда

Истеъмол нархлари статистикаси шартли равишда икки блокка бўлинади:

  • Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) — товар ва хизматларнинг кенг рўйхатини, шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатишнинг турли шаклларини қамраб олувчи инфляциянинг асосий кўрсаткичи.
  • Ўртача истеъмол нархлари — бозорлар ва супермаркетлар танланмаси асосида ҳар ҳафта ҳисоблаб чиқилади.

2026 йилда ўртача истеъмол нархлари устидан кузатув 60 та товар ва хизматни қамраб олади. ИНИ, ўз навбатида, сезиларли даражада каттароқ позициялар тўплами ва маълумотлар манбаларини ўз ичига олади.

ИНИ қамрови қандай ўзгарди

2019 йилдан 2026 йилгача ИНИ доирасидаги кузатув ҳудудлари сони 120 тадан 60 тагача қисқарди. Шу билан бирга, товар ва хизматлар рўйхати 386 тадан 517 та позициягача кенгайтирилди. Статистика идорасининг баҳолашича, бундай ёндашув оқилона танланма орқали ўлчовлар тўлиқлигини сақлаб қолиш имконини беради.

Товар ва хизматлар тўпламига сўнгги ўзгаришлар 2025 йилдаги истеъмол харажатлари таркиби таҳлили асосида 2026 йил январидан бошлаб киритилди. Рўйхатга, хусусан, қуйидагилар қўшилди:

  • нодавлат мактабларда ўқиш;
  • стриминг сервислари;
  • автомобиллар ижараси;
  • электромобиллар учун электр энергиясидан фойдаланиш;
  • минилган автомобилларни сотиб олиш;
  • аквапарклар хизматлари;
  • қум ва ёғоч ёқилғиси (ўтин, ғўзапоя).

Шунингдек, айрим позициялар бўйича деталлаштириш амалга оширилди — масалан, бензин (Аи-92, Аи-95, Аи-98 ва Аи-100) ва тошкўмир (тартибга солинадиган ва бозор нархлари бўйича ажратиш).

2026 йилдан бошлаб жами 23 та товар ва хизмат позицияси қўшилди. Шу билан бирга, вакиллик хусусиятини йўқотган 16 та позиция рўйхатдан чиқарилди. Улар орасида коржиклар, чўчқа гўшти ва ёғи, дафна барги ва донли кашнич, игналар, тўғноғичлар, тўқиш бигизлари ва шунга ўхшаш буюмлар бор.

Объектлар камроқ — маълумотлар кўпроқ

Савдо объектлари сонининг қисқариши фонида «дала» нарх кузатувлари сони ҳам камайди: 2019 йилдаги тахминан 10 мингдан ҳозирги вақтда қарийб 7200 тагача. Гап регистраторлар томонидан планшетлардан фойдаланган ҳолда (CAPI технологияси) объектларга шахсан ташриф буюриш орқали йиғиладиган маълумотлар ҳақида кетмоқда.

Шу билан бирга, муқобил маълумотлар манбаларидан фойдаланиш сезиларли даражада кенгайтирилди.

Асосий мақсад — нархларнинг реал ўзгаришини аниқроқ акс эттириш. Бу «юкламани камайтириш» ҳақида эмас, балки оқилона танланма ҳақида: мамлакатнинг ҳар бир нуқтасида нархларни қайд этишнинг иложи йўқ.

«Биз объектлар сонини камайтириб, позициялар рўйхатини кенгайтирмоқдамиз ва ИНИ реал манзарани яхшироқ акс эттириши учун кузатувларнинг умумий ҳажмини мувозанатлаштирмоқдамиз», — деб таъкидлади қўмита.

Муқобил нарх манбалари: бу нима ва нима учун керак

Савдо нуқталарини анъанавий айланиб чиқишдан ташқари, қуйидагилардан фойдаланилади:

  • онлайн-кассаларнинг транзакцион маълумотлари;
  • ритейлерлар ва хизмат кўрсатувчиларнинг корпоратив маълумотлар массивлари;
  • онлайн-дўконлар сайтларидан web scraping;
  • маъмурий манбалар;
  • телефон орқали сўровлар (CATI).

Агар илгари бундай манбалар деярли қўлланилмаган бўлса, 2025 йилга келиб муқобил маълумотларнинг ўртача ойлик ҳажми қарийб 90 мингта нархга етди. 2026 йилда қамров кенгайишини ҳисобга олган ҳолда, ҳар ой ИНИ учун ўртача ойлик нархлар ҳисобланадиган 2 миллионга яқин нарх котировкалари келиб тушади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил декабрь ойида 190 мингдан ортиқ нарх кузатувлари йиғилган бўлиб, уларнинг ярмига яқини CAPI технологияси бўйича, учдан бир қисми эса онлайн-кассалар маълумотлари ҳисобига тўғри келган.

Онлайн-кассалар нархларни сотиб олиш факти бўйича акс эттиради, бироқ мунтазам сотиб олинмайдиган товарлар танланмага тушмаслиги мумкин. Шу боис ритейлерлар ва хизмат кўрсатувчилардан тўғридан-тўғри маълумотлар олинади.

Хусусан, қўмита Ҳавас супермаркетлар тармоғидан ҳар ойлик маълумотларни олади — бу 250 дан ортиқ дўкон, 190 дан ортиқ товар позицияси ва ойига қарийб 9700 та нарх кузатуви деган. Айрим хизматлар (масалан, авиачипталар) бўйича маълумотлар eStat тизими орқали келиб тушади.

Сайтлардан нархларни автоматлаштирилган ҳолда йиғиш биринчи навбатда маиший техника ва мобил телефонлар учун қўлланилади. Келажакда буни онлайн-платформаларга (Uzum ва бошқалар) кенгайтириш режалаштирилган.

Телефон орқали нархларни йиғиш (CATI) тавсифларни олдиндан келишиш шарти билан айрим товар ва хизматлар учун ишлатилади, бу маълумотларнинг қиёсланувчанлигини сақлаш имконини беради. Бундай ёндашув қатор Европа мамлакатларида ҳам қўлланилади.

Янги даврийлик ва кузатувлар жадвали

Илгари нархларни ўрганиш 11 кунлик жадвал бўйича: ойнинг 10-санасидан 20-санасигача ўтказилар эди. 2026 йил январидан бошлаб нархларни йиғиш 25 кунлик даврда — ойнинг дастлабки 25 куни давомида амалга оширилади. Бу қамров тўлиқлигини оширади ва қисқа муддатли тебранишлар таъсирини камайтиради.

«Бу қамров тўлиқлигини оширади (нархлар ҳар доим ҳам бир хил кунларда мавжуд бўлавермайди) ва баҳолашни қисқа муддатли тебранишларга, айниқса ижтимоий аҳамиятга эга товарлар бўйича чидамлироқ қилади. Шу билан бирга, ҳар бир манба учун ресурслар, сифат ва маълумотларнинг мавжудлигига қараб ўз нарх йиғиш жадвалимизни белгилаймиз», — деб қайд этди қўмита.

Регистраторлар иштирокидаги «дала» нарх йиғиш жадвали қуйидагича тақсимланган:

  • 1−7-саналар — хизматлар;
  • 8−14-саналар — ноозиқ-овқат товарлари;
  • 15−25-саналар — озиқ-овқат товарлари.

30 та ижтимоий аҳамиятга эга товар бўйича ҳар ҳафталик нарх йиғиш сақлаб қолинган. Агар ижтимоий аҳамиятга эга хизматлар бўйича ўзгаришлар асосий кузатув даври тугаганидан кейин содир бўлса, қўшимча рўйхатга олиш ўтказилади.

«Бизнинг мақсадимиз — ҳар ойдаги нархлар ўзгаришини имкон қадар аниқ акс эттириш», — дейилади идора баёнотида.

Вазн коэффициентлари: нималардан фойдаланилади

ИНИдаги салмоқ вазнлари — бу алоҳида товар ва хизматларнинг умумий «истеъмол савати»даги улуши бўлиб, улар муайян товар нархининг ўзгариши умумий инфляция даражасига қанчалик кучли таъсир қилишини кўрсатади.

Фараз қилайлик, истеъмол харажатларида: озиқ-овқат маҳсулотлари 45%, коммунал хизматлар — 15%, транспорт — 10%, кийим-кечак — 5%, қолгани эса бошқа товар ва хизматларга тўғри келади. Бу уларнинг салмоқ вазнлари.

ИНИда салмоқ вазнларини ҳисоблаш учун уй хўжаликлари кузатувлари маълумотлари — яъни одамлар айнан нимага реал пул сарфлаётгани ҳақидаги маълумотлар қўлланилади. Бу кузатувлар йил давомидаги истеъмол харажатлари таркибини кўрсатади.

Бундай ёндашув, хусусан, АҚШ, Япония ва Кореяда қўлланилади. Шу билан бирга, кўплаб Европа мамлакатларида қабул қилинганидек, миллий ҳисоблар тизими маълумотларини қўллаш имконияти ўрганилмоқда.

«Биз халқаро тажрибани таҳлил қилишда давом этамиз ва ХВЖ экспертлари ҳамда бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз билан қўшимча маслаҳатлашувларни режалаштирганмиз», — деб таъкидлади Нацкомстат.

ИНИни ҳисоблашнинг янги формуласига ўтиш

2025 йил охиригача ИНИ Ласпейрес (Лоу) формуласи бўйича ҳисобланган — у тўғри ва кўплаб мамлакатларда кенг қўлланилади. Бироқ халқаро экспертлар тавсиясига кўра, 2026 йил январидан қўмита Янгнинг модификацияланган арифметик формуласига ўтмоқда, таҳлилий мақсадлар учун эса Янгнинг геометрик индексидан ҳам фойдаланамиз.

Лоу формуласида вазнларни қўшимча коэффициент орқали базавий давр нархларига «келтириш» керак. Янгнинг модификацияланган арифметик формуласи мослашувчанроқ: у бундай коэффициентсиз ўтган йилги харажатлар таркиби ҳақидаги маълумотларни тўғридан-тўғри қўллаш имконини беради. Бу ҳисоб-китобни шаффоф қилади ва аҳолининг ҳақиқий харажатларини аниқроқ акс эттиришга ёрдам беради. Янгнинг геометрик формуласи бироз мураккаброқ ва гуруҳли ҳамда йиғма индексларни геометрик вазнлашни назарда тутади.

Экспертларнинг баҳолашича, эски ва янги асосий формула бўйича натижалар ўртасидаги фарқ йилига 0,8 фоиздан ошмайди. Геометрик Янг учун оғишиш бироз сезиларлироқ бўлиши мумкин. Кўп нарса, албатта, 2026 йилда айнан қайси товар ва хизматлар инфляция драйвери бўлиб чиқишига боғлиқ.

Ўтиш даврида ҳисоб-китоблар икки формула бўйича параллель равишда олиб борилади ва аниқ фарқланган ҳолда эълон қилинади: асосий индикатор (модификацияланган арифметик Янг асосида) ва таҳлилий индикатор (геометрик Янг формуласи бўйича). Бундан мақсад — ўтиш жараёни тушунарли ва прогноз қилинадиган бўлишидир, яъни «кеча инфляция бир хил эди, бугун эса формула туфайли бошқача бўлиб қолди» деган эффект юзага келмаслиги керак.

ИНИ формулалари ўртасидаги фарқни яққол тушунтириш учун кўпинча «оила савати» мисолидан фойдаланилади. Айтайлик, ўтган йили оила бюджетнинг 50 фоизини озиқ-овқатга, 30 фоизини коммунал хизматларга ва 20 фоизини кийим-кечакка сарфлаган. Йил давомида нархлар мос равишда 20%, 10% ва 5% га ошди. Ласпейрес (Лоу) формуласи бўйича ҳисоблаганда, харажатлар таркиби ўзгармайди деб ҳисобланади ва инфляция қарийб 14% ни ташкил этади — яъни оиланинг хулқ-атвори ўзгаришини ҳисобга олмасдан, ўтган йилги сават қанчага қимматлашгани ўлчанади.

Янгнинг модификацияланган арифметик формуласи оила нархлар ошишига қисман мослашиши ва харажатлар таркибини ўзгартиришидан келиб чиқади. Агар озиқ-овқат улуши 45 фоизгача камайган бўлса, коммунал хизматларники эса 35 фоизгача ошган бўлса, ҳисоб-китоб тахминан 13,5% инфляцияни беради. Янгнинг геометрик индекси қўшимча равишда алмаштириш эффектини ҳисобга олади — нархлар кескин кўтарилганда истеъмолчилар қимматлашган товарлар истеъмолини камайтириши тахмин қилинади, шунинг учун якуний кўрсаткич бироз пастроқ бўлиши мумкин. Натижалар ўртасидаги фарқ катта эмас, лекин у формула танлови реал истеъмолчилик хулқ-атворини акс эттиришга қандай таъсир қилишини кўрсатади.

Эълон қилиш муддатлари

2026 йилдан бошлаб инфляция ҳисобот давридан кейинги ойнинг бешинчи кунида эълон қилинади. Бу маълумотларни йиғиш даврининг кенгайиши ва қайта ишланадиган маълумотлар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ. Бундай муддат халқаро тавсияларга мос келади.

Нархлар статистикасида яна нималар ўзгармоқда

ИНИдан ташқари, электрон ҳисоб-фактуралар маълумотларини жорий этиш орқали ишлаб чиқарувчилар нархлари индексини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, уй-жой нархлари индексини такомиллаштириш устида иш кетмоқда. Янги гедоник ёндашув уй-жойнинг сифат тавсифларини (қурилган йили, жойлашган жойи, материаллари, қаватлар сони ва бошқалар) ҳисобга олади, шунингдек, якка тартибдаги уй-жойлар нархлари кузатувини ўз ичига олади.

Уй-жой нархларининг янгиланган индексини эълон қилиш 2026 йил апрель ойига режалаштирилган.