
Ўзбекистон Марказий банки молиявий хизматлар соҳасидаги монопол моделни қўллаб-қувватламайди. Бу ҳақда 2026 йил 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раиси Тимур Ишметов баёнот берди.
2026 йил 1 январдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун президент қарори билан махсус ҳуқуқий режим жорий этилди. Унга кўра, тўлов ташкилотларининг рақамли платформалари ёрдамида эндиликда тадбиркорлик мақомини рўйхатдан ўтказиш, ҳисобрақам очиш, тўловларни электрон ва нақд шаклда қабул қилиш, ҳисоботларни шакллантириш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш мумкин. Йиллик айланмаси 1 млрд сўмдан кам бўлган ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 1 фоизга туширилди.
Журналистлардан бири чакана савдода ЯТТлар ишлаши учун талаб сифатида киритилган махсус QR-кодни фақат битта илова (Paynet компаниясининг Xolis иловаси) орқали расмийлаштириш мумкинлигини қайд этди. «Бу янги монополия пайдо бўлганини англатади. Марказий банк бу борада қандай чоралар кўриши мумкин?» — дея сўради.
Саволга жавоб берар экан, регулятор раҳбари шундай деди: «Биз молиявий хизматлар кўрсатишда монополия тарафдори эмасмиз. Аввал айтганимдек, финтех-стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича зиммамизга юклатилган янги вазифалар уларнинг сонини оширишни, кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтиришни назарда тутади. Биз бундай хизматларни кўрсатувчи стартаплар сони кўпайиши тарафдоримиз».
МБ раиси ҳукумат томонидан хизматни фақат битта ёки чекланган миқдордаги компаниялар кўрсатиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилинмаганини таъкидлади.
«Тўлов ташкилотлари ўз инфратузилмасидан келиб чиқиб, бундай хизматларни кўрсатишлари мумкин. Биз ўз томонимиздан бундай хизматларни кўрсатиш учун имконият яратиб беришга тайёрмиз», — деди.
Xolis атрофидаги вазият
Электрон тўловларни қабул қилиш учун махсус QR-коднинг мавжудлиги — чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидаги ЯТТ ҳамда ўзини ўзи банд қилганлар учун махсус ҳуқуқий режим талабларидан бири.
Гарчи меъёрий ҳужжатларда «рақамли платформалар» ҳақида сўз борса-да, ҳозирда бундай QR-кодни фақат Xolis иловаси генерация қила олади, бу эса Paynet ни ушбу сегментнинг ягона операторига айлантиради.
Қарорга кўра, махсус ҳуқуқий режим IT-парк резидентлари бўлган тўлов ташкилотларига (Payme, Click, Alif, Uzum ва бошқалар) татбиқ этилмайди. Бу талабга ҳозирча фақат Paynet жавоб беради.
ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар электрон ҳамёнда йиғиладиган маблағдан 1 фоиз миқдорида айланма солиғи тўлаши шарт (илгари 4 фоиз эди). Маблағларни Xolis ҳамёнидан Uzcard ёки Humo карталарига чиқариш учун 0,9 фоиз комиссия олинади. Айнан шу йиғим энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бирига айланди: унинг келиб чиқиши, иқтисодий асоси ва миқдори расман тушунтирилмаган, ҳуқуқий режим доирасида эса муқобил тўлов операторлари мавжуд эмас.
Тадбиркорларнинг норозилигига давлат маъмурий ресурсларининг қўлланилиши, хусусан, солиқ органлари ходимлари томонидан Xolis дан рўйхатдан ўтишга мажбурлаш ҳолатлари сабаб бўлди. Навоий вилоятидаги ҳоким ёрдамчиларидан бири «Газета»га маълум қилишича, уларнинг олдига Xolis да камида 20 та рўйхатдан ўтишни таъминлаш вазифаси қўйилган, акс ҳолда ҳайфсан, мукофот пулидан маҳрум қилиш ёки ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда.
Paynet позицияси
Xolis кичик бизнесни бошлаш ва юритиш учун тайёр ягона рақамли платформа сифатида тақдим этилмоқда, у битта иловада рўйхатдан ўтиш, тўловларни қабул қилиш, фискаллаштириш, солиқ ҳисоби ва ҳисоб-китобларни бирлаштиради.
Давлат хизматлари марказлари ва банкларга бориш ўрнига, тадбиркор Face ID орқали масофадан идентификациядан ўтиши ва рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома, электрон ҳамён ва тўловларни қабул қилиш учун QR-кодни ЭРИ (электрон рақамли имзо), қоғозбозлик ва шахсан иштироксиз олиши мумкин.
Барча тушумлар электрон ҳамёнга кирувчи транзакциялар учун комиссиясиз қабул қилинади, маблағлар зудлик билан тушади, 1 фоизлик айланма солиғи эса автоматик равишда ушлаб қолинади.
Xolis шунингдек, жисмоний назорат-касса техникасининг ўрнини босади. Иловада бепул виртуал касса мавжуд бўлиб, у барча кирувчи транзакциялар бўйича автоматик равишда фискал чекларни шакллантиради. Бундан ташқари, пластик карталардан NFC орқали тўловларни қабул қилиш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Paynet бош директорининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида ижтимоий тармоқлардаги салбий муносабатлар тўлқинига изоҳ берар экан, бу 1 январдан кучга кирган бир нечта ўзгаришларнинг бир вақтга тўғри келиб қолгани ҳамда янги ечимларнинг ишга туширилиши атрофидаги ахборот фони билан боғлиқлигини айтди.
«У ерда параллел равишда нималар содир бўлаётган эди — Марказий банк QR-online ҳақида эълон қилди. Энди Марказий банкнинг йўриқномаси келдики, 1 апрелдан ва 1 июлдан бу барча „кьюар“лар кетади ва барча иловалар томонидан ўқиладиган ягона QR-online жорий этилади. Бунинг ўзи алоҳида реформа кетяпти. У эса Xolis ичига жойланган ва шу сабабли саволлар аралашиб кетяпти», — деди.
Унинг сўзларига кўра, йил бошидан ўзини ўзи банд қилганлар рўйхати ҳам янгиланган. Хусусан, илгари ўзини ўзи банд қилганлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турларининг бир қисми (масалан, репетиторлик) эндиликда бошқа солиқ солиш режимига (ЯТТ) ўтказилган.
Музаффар Комилов қатъий белгиланган солиқдан айланма солиғига ўтиш қўшимча қийинчиликлар туғдирганини таъкидлади. Илгари якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганлар қатъий сумма тўларди ва, айниқса, ўзини ўзи банд қилганлар солиқ ҳисоботларини топширмас эди.
Топ-менежернинг фикрича, бу барча ўзгаришлар бир вақтда юз бергани сабабли тадбиркорларда «ҳамма нарса бир лаҳзада ёпирилди» деган туйғу пайдо бўлди, Xolis эса бу жараёнларнинг «олдинги сафида» бўлиб қолди.
У шунингдек, рақобатчилар томонидан уюштирилган ахборот хуружлари ҳам қўшимча омил бўлганини қайд этди.
«Биз айрим номаълум иштирокчилар томонидан ахборот чиқарилганини сездик. Ўша рақобатчилар томонидан. Бу нормал ҳолат. Пиар-урушлар, пиар-ҳужумлар — бу одатий ҳол. Бу ҳамма жойда содир бўлади. Яъни, айнан қайсидир бандларни олиб, бўрттирилган ҳолда шиширилган триггер ҳам бўлди», — деди компания раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Комилов платформага нисбатан танқидлар ва тадбиркорларнинг хавотирларига изоҳ берар экан, тўловларни қабул қилишдаги қоидабузарликлар учун жарималар янгилик эмаслигини, маблағ тушганда 1 фоиз ушлаб қолиниши эса қўшимча комиссия эмас, балки солиқ эканини айтди.
Унинг сўзларига кўра, жарималар ҳақидаги нормалар илгари ҳам амал қилган ва назорат-касса техникасига нисбатан қўлланилган. QR-код касса аппаратига тенглаштирилганидан сўнг, ушбу нормалар QR-коддан фойдаланмайдиган ёки бировникидан фойдаланадиган сотувчиларга нисбатан ҳам автоматик равишда қўлланила бошлаган.
Шу билан бирга, Комилов Солиқ қўмитаси талабларини бажаришда жойларда солиқ органлари томонидан хатоликларга йўл қўйилган бўлиши мумкинлигини тан олди. Унинг айтишича, идора бундай ҳолатлар ҳақида тадбиркорлар хабар беришлари кераклигини аллақачон тушунтирган.