
АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор 2026 йил 3–7 февраль кунлари Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлади, деб хабар берди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати.
Бишкекда Сержио Гор «B5+1» бизнес-форумида иштирок этади ва унинг доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон, шунингдек, Қўшма Штатларнинг етакчи ишбилармон доиралари ва расмий шахслари билан учрашувлар ўтказади.
«Элчи Гор Бишкек ва Тошкентда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ўрганиш учун юқори лавозимли амалдорлар билан ҳам учрашади. Қўшма Штатлар Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда бутун минтақада барқарорлик ва фаровонликка хизмат қилувчи инновацион шерикликни ривожлантириш тарафдори», — дейилади Давлат департаменти хабарида.
Сержио Гор охирги марта 2025 йил октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ўша ташриф доирасида у Президент, Президент администрацияси раҳбари ва бошқа расмий шахслар билан учрашган.