
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 2 февраль куни Навоий халқаро аэропортини ривожлантириш ва фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш бўйича таклифларни кўриб чиқди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Навоий аэропортини Uzbekistan Airports компаниясининг марказлашган тезкор бошқарув тизимидан чиқариш режалаштирилган. Унга маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, шунингдек, транзит ва техник қўнишлар бўйича мустақил равишда музокаралар олиб бориш ҳамда шартномалар тузиш ҳуқуқи берилади.
Аэропорт ҳудудида ҳаво кемалари учун техник ва тижорий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган «порто-франко» форматидаги эркин божхона зонаси ташкил этилади.
Ушбу қарор доирасида самолётларга техник хизмат кўрсатиш учун импорт қилинадиган махсус ускуналар ва эҳтиёт қисмлар 2029 йил 1 январга қадар божхона божларидан озод қилинади. Аэропорт ҳудудида жойлашган меҳмонхона ҳам унинг бошқарувига ўтказилади.
Аэропорт инфратузилмасини кенгайтириш, жумладан, терминаллар, техника парки ва ёқилғи резервуарларини модернизация қилиш, шунингдек, ҳаво кемаларини таъмирлаш ва бўяш хизматларини ривожлантириш кўзда тутилган. Аэропорт даромадлари авиация хизматлари экспортини оширишга йўналтирилиши режалаштирилган.
Тақдим этилган бизнес-режага кўра, Навоий аэропортининг тижорат ва ноавиация фаолияти кўрсаткичларини 50 фоизга ошириш мўлжалланмоқда. 25 дан ортиқ авиакомпанияларнинг мунтазам рейслари йўлга қўйилади, юкка ишлов бериш ҳажми эса 20 минг тоннадан оширилади.
Тақдимот давомида фуқаро авиацияси корхоналарини трансформация қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. 2026 йилдан бошлаб Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик компанияларининг асосий фаолият турига кирмайдиган йўналишларини молиялаштиришни тўхтатишга қарор қилинди. Uzbekistan Airports фаолияти 18 та, Uzbekistan Airways фаолияти эса 16 та устувор вазифа асосида амалга оширилади.
Хусусан, хизматлар сифатини яхшилаш орқали рақобатбардошликни ошириш, хизмат ва маҳсулотлар таннархини ҳисоблашнинг оптимал услубларини жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларининг барча босқичларини рақамлаштириш, шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш устувор вазифалар этиб белгиланди. Операцион харажатларни камайтириш учун энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва ихтисослаштирилган электр транспорт воситаларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Трансформация доирасида ташкилий тузилмалар ҳам қайта кўриб чиқилади ва штат бирликлари оптималлаштирилади. Авиация компанияларининг халқаро кредит рейтингларини ошириш, уларни IPO га чиқариш ва халқаро корпоратив облигацияларни жойлаштириш режалаштирилган.
Фуқаро авиацияси университети ва унинг ҳузуридаги авиация техникумини ташкил этиш ишларининг бориши алоҳида кўриб чиқилди. Таълим муассасалари Embry-Riddle (АҚШ) ва ENAC (Франция) халқаро авиация таълим марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилади. Университетда борткузатувчилар, авиация техниклари ва механиклари, шунингдек, учувчилар, муҳандислар, авиадиспетчерлар ва менежерлар тайёрлаш режалаштирилган.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллади ва масъул шахсларга тегишли топшириқлар берди.