Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 04/02/2026

Ўзбекистондан қишки Олимпия ўйинларида Медет Назаров ва Даниил Ейбог иштирок этадилар

6–22 февраль кунлари Милан ва Кортина-д’Ампеццода (Италия) бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Ўзбекистон спортчилари тўртта лицензияни қўлга киритди, бироқ улар учта йўналишда баҳс олиб борадилар, деб хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.

Квалификация цикли якунларига кўра, фигурали учиш (жуфтлик) бўйича Дмитрий Чигирёв ва Екатерина Гейниш, тоғ чанғиси спортининг слалом ва гигант слалом йўналишлари бўйича Медет Назаров ҳамда шорт-трекнинг 500 метр масофага югуриш баҳсларида Даниил Ейбог Олимпиада йўлланмаларига эга бўлишган эди.

Олинган жароҳат туфайли Дмитрий Чигирёв мусобақалар бошлангунга қадар тикланишга улгурмади. Шу муносабат билан Ўзбекистон вакиллари фақат тоғ чанғиси ва шорт-трек йўналишларида иштирок этадилар.

21 ёшли Медет Назаров 2025 йил февраль ойида Хитойнинг Янцин шаҳрида тоғ чанғиси бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган эди.

Россиялик 28 ёшли Даниил Ейбог — Европа чемпионати (2020) олтин медали соҳиби. У Ўзбекистон терма жамоасига 2024 йилда келиб қўшилган. Ўтган йили у мамлакат шарафини Харбиндаги қишки Осиё ўйинларида ва жаҳон чемпионатларида ҳимоя қилди.