
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни ўтказилган йиғилишда профилактика инспекторлари ишини ташкил этиш ҳолатини кескин танқид қилди.
Мулоқот Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ собиқ бошлиғи Отабек Жамолов билан бўлиб ўтди, у кейинчалик лавозимидан озод этилди. Суҳбат давомида президент участка нозирлари сони ва ИИБ раҳбарияти улар билан тизимли ишни қандай йўлга қўйгани билан қизиқди.
«Менга очиғини айт, ўзим ишингни ичига кирмоқчиман. Ҳафтада неча марта участкавойларни йиғиб — тизимли, ҳудудлар бўйича, омиллар бўйича, жиноятлар бўйича — вазифа қўйиб, натижасини сўраяпсан?» — деб сўради Шавкат Мирзиёев («Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатуви лавҳасида).
Ҳар душанба куни мунтазам йиғилишлар ўтказилиши, ҳайфсанлар берилиши ҳамда прокурор ва ҳоким билан бирга маҳаллабай юриб, «маҳалла еттилиги» иши билан танишиш ҳақидаги тушунтиришларни тинглаган президент уларнинг самарадорлигига шубҳа билдирди.
«Ҳозир айтган гапингга ўзинг ишонасанми? Нима учун менга буларни айтяпсан? Сенинг «еттилик»ка нима алоқанг бор? Сен ўз участкавойларинг билан шуғуллан. Нима учун менга бу эртакларни айтяпсан?» — деди давлат раҳбари.
Жамолов президентнинг сўзларидан кейин «кўзи очилганини» айтди. Давлат раҳбари раҳбарият «пастга тушиб» ишламаётганини ва маҳаллалардаги реал вазиятни кўрмаётганини таъкидлади.
«Сен пастга тушмаяпсан. Ўринбосаринг сени алдаяпти. Участкавой алдаяпти. Сизлар ўзгаришингиз керак. Агар сизлар ўзгармасанглар, вазият ўзгармайди. Менга бунақа ИИБ бошлиқлари керак эмас. Менга баландпарвоз гаплар керак эмас», — деди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, участка нозирларининг ишга ёндашувини ўзгартирмасдан иқтисодиётда барқарорликка эришиш ва инвестицияларни жалб қилиш имконсиз.
«Участкавойнинг дунёқарашини ўзгартириб, замонавий қилсак, биласизми жамият қандай ўзгаради? Тадбиркорлик қанчалик ривожланади? Одамлар биздан қанчалик рози бўлади?» — деб қайд этди.
Президент, шунингдек, жойлардаги хавфсизлик даражасини инвестиция иқлими билан боғлади.
«Мен сизларни ўзгаришга мажбур қиламан. Буни шундай қолдирмайман. Ҳеч бирингга уйқу бермайман. Нима учун буни қиляпман? Бизга йирик инвесторлар керак. Ҳозир улар келишни бошлаяпти. Агар инвестор келмаса, даромад ошмайди, ойликлар кўпаймайди, одамлар норози бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
У маҳаллалардаги ҳатто битта жиноятга ҳам йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
«Битта жиноят ҳам — бу жиноят. Маҳаллада у бўлмаслиги керак. Иқтисодиёт қачон барқарор бўлади? Қачонки биз жиноятчиликни жиловласак. Агар жиловласак», — деди давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ўтказган танқидий руҳдаги йиғилишдан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида қатор тайинловлар ва ишдан бўшатишлар амалга оширилди. Ўзгаришлар ИИВ, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигини қамраб олди.