
Европа Иттифоқи илк бор санкцияларни айланиб ўтишга қарши курашиш воситасини (anti-circumvention tool) қўллаш ва Қирғизистонга дастгоҳлар ҳамда маълум турдаги радиоускуналар экспортини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради Bloomberg ўз манбаларига таяниб.
Агентлик маълумотларига кўра, ушбу чора Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли унга қарши тайёрланаётган ва февраль ойи охиригача қабул қилиниши кутилаётган 20-санкциялар пакети доирасида муҳокама қилинмоқда.
Таклиф этилаётган пакет, шунингдек, Россияга ЕИ санкцияларини айланиб ўтишга ёрдам бераётган учинчи давлатлардаги криптовалюта сервислари ва молиявий ташкилотларга қарши янги савдо чекловларини ҳам назарда тутади.
ЕИ Россияга амалдаги чекловларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган давлатларга нисбатан иккиламчи санкциялар қўллашни ҳали 19-санкциялар пакети тайёрланаётган вақтдаёқ кўриб чиққан эди. Бироқ ўшанда блок учинчи давлатлардаги, жумладан Марказий Осиё мамлакатларидаги компанияларга қарши санкциялар билан чекланган эди. Хусусан, 2025 йил октябрь ойида Россиянинг ВТБ банкининг Қозоғистондаги филиали, Қирғизистоннинг «Толубай» ва «Евроосиё жамғарма банки», шунингдек, Тожикистоннинг «Душанбе Сити банк», «Спитамен» ва «Коммерцбанк» ташкилотлари санкцияларга тушган эди.
Шундан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ЕИни мустақил текширув ўтказишга ва Қирғизистон банклари томонидан санкциялар айланиб ўтилгани фактини тасдиқлашга чақирди. Вазирлик мамлакат «ўз халқаро мажбуриятларига қатъий риоя қилишини» таъкидлаб, «мунтазам маълумот алмашиш, транзакциялар мониторинги ва хавфларни биргаликда баҳолаш» учун Қирғизистон — ЕИ қўшма техник ишчи гуруҳини тузишни таклиф қилди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2025 йил август ойида «Кабар» агентлигига берган интервьюсида мамлакат орқали Россияга санкциявий товарлар ўтиши бўйича «бирорта ҳам факт» йўқлигини айтган эди. «Агар бўлганида, бизга эътироз билдираётган давлатлар далиллар тақдим этган бўларди. Бундай масала мавжуд эмас. Аксинча, Россияга қарши санкция жорий этган давлатларнинг ўзлари у билан миллиардлаб долларлик тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилаётгани ҳақида фактлар бор», — деган эди у.