
Ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов шахмат оламининг энг нуфузли турнирларидан бири — Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган Tata Steel Chess 2026 мусобақасида ғалаба қозонди.
Турнир давомида Абдусатторов барқарор ва ишончли ўйин намойиш этиб, асосий рақибларига қарши партияларни муваффақиятли ўтказди. Сўнгги тур олдидан у жадвалда якка пешқадамлик қилаётган эди ва 2026 йил 1 февраль куни ҳал қилувчи баҳсда ҳиндистонлик гроссмейстер Аржун Эригайсини мағлуб этди.
Якунда ўзбекистонлик шахматчи имкониятли 13 очкодан 9 очко жамғарди (6 ғалаба, 6 дуранг ва 1 мағлубият) ҳамда илк бор Tata Steel Masters чемпионига айланди. Аввалроқ Абдусатторов 3 марта ғалабага яқин келган эди: у 2023 йилда 2-ўринни, 2024 ва 2025 йилларда эса 3-ўринни эгаллаган. У тўртинчи уринишда чемпионлик унвонини қўлга киритди.
«Қанчалик бахтли эканимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Бу жуда узоқ йўл бўлди. Ҳар сафар ғалабага яқин келардим ва йилдан-йилга озгина етмай қоларди. Ва ниҳоят, мен ушбу турнирда, шунингдек, жуда яхши услубда ғолиб чиқишга муваффақ бўлдим. Бу фаолиятимдаги энг муҳим пайтлардан биридир», — деди Абдусатторов ғалабадан кейин.
У, шунингдек, болалигидан ушбу турнирда ғолиб чиқишни орзу қилганини тан олди:
«Болалигимда ушбу турнирда ғолиб бўлишни орзу қилардим. Энди эса орзуим ушалди».
Сўнгги турнинг ҳал қилувчи партияси ҳақида гапирар экан, шахматчи унга алоҳида кайфият билан чиққанини таъкидлади:
«Мен шунчаки ўзимга: „Бу йил қўлдан чиқариш мумкин эмас“, дедим. Бор кучимни, охирги мадоримгача сарфладим. Ҳозир сўзсизман — ҳам улкан енгилликни, ҳам чексиз бахтни ҳис қиляпман».
Иккита совринли ўрин — Ўзбекистонда
Турнирда иккинчи ўринни Ўзбекистоннинг яна бир вакили — яқинда Жаҳон кубогининг энг ёш соҳибига айланган Жавоҳир Синдаров эгаллади. У 13 имкониятдан 8,5 очко тўплади (4 ғалаба ва 9 дуранг) ва Masters иштирокчилари орасида бирор марта мағлубиятга учрамаган ягона шахматчи бўлди. Синдаров сўнгги тур партиясида ғалаба қозонди ва охиригача чемпионлик учун имкониятни сақлаб қолди.
«Турнирни ғалаба билан якунлаганимдан жуда хурсандман. Тай-брейкка чиқа олмаганимдан бироз хафаман, лекин дўстим Нодирбек учун жуда бахтлиман. У бунга ҳақиқатан ҳам лойиқ эди», — деб қайд этди Синдаров.
У натижанинг мамлакат учун рамзий аҳамиятини алоҳида таъкидлади:
«Биринчи ва иккинчи ўринлар Ўзбекистонга кетмоқда — бу ақл бовар қилмайдиган натижа. Tata Steel каби турнирда дастлабки икки ўринни эгаллаш мамлакатимиз учун улкан муваффақиятдир».
Вейк-ан-Зее ёки Tata Steel Chess Tournament — дунёдаги энг қадимий ва кучли шахмат турнирларидан бири бўлиб, бу йилгиси ҳисоб бўйича 88-си бўлди. У 1937 йилдан бери ўтказиб келинади ва турли йилларда Василий Смислов ҳамда Роберт Фишердан ташқари барча жаҳон чемпионлари унинг иштирокчиси бўлишган.
Ушбу Masters таркиби (турнир олдидаги рейтинг):
- (№4, 2776) Винсент Каймер (Германия)
- (№5, 2775) Аржун Эригайси (Ҳиндистон)
- (№6, 2760) Аниш Гири (Нидерландия)
- (№8, 2758) Прагнанандха Рамешбабу (Ҳиндистон)
- (№9, 2754) Гукеш Доммараджу (Ҳиндистон)
- (№11, 2751) Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон)
- (№21, 2726) Жавоҳир Синдаров (Ўзбекистон)
- (№22, 2725) Ханс Ниманн (АҚШ)
- (№30, 2705) Владимир Федосеев (Словения)
- (№31, 2703) Йорден ван Форест (Нидерландия)
- (№32, 2700) Аравинд Читамбарам (Ҳиндистон)
- (№43, 2679) Маттиас Блюбаум (Германия)
- (№56, 2658) Яғиз Каан Эрдоғмуш (Туркия)
- (№59, 2656) Тай Дай Ван Нгуен (Чехия)
Муваффақиятли иштирокдан сўнг, ҳар икки ўзбекистонлик шахматчи FIDE Freestyle Chess World Championship 2026 (рапид) мусобақасида қатнашади. Соврин жамғармаси 300 минг долларни ташкил этувчи ушбу турнир 13–15 февраль кунлари Германияда бўлиб ўтади ва унда 8 нафар ўйинчи иштирок этади.