
АҚШ президенти Дональд Трамп Федерал резерв тизими (ФРТ) раиси лавозимига Кевин Уорш номзодини кўрсатди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.
«Мен Кевинни анчадан бери биламан ва унинг тарихга ФРТнинг энг БУЮК раисларидан бири, эҳтимол энг яхшиси сифатида киришига шубҳам йўқ. Бундан ташқари, у «идеал номзод» ва сизни ҳеч қачон уялтириб қўймайди», — деб ёзди Трамп.
ФРТ раҳбари номзоди энди Сенат томонидан тасдиқланиши керак. Тасдиқланган тақдирда, у ваколат муддати 2026 йилнинг май ойида тугайдиган Жером Пауэллнинг ўрнини эгаллайди. Трамп сўнгги бир йил давомида Пауэллни асосий ставкани туширишдан бош тортгани учун бир неча бор кескин танқид қилган эди.
2026 йил январь ойи ўрталарида прокуратура Пауэллга нисбатан тартибга солувчи идора бош қароргоҳини таъмирлаш харажатлари билан боғлиқ жиноий тергов бошлади. Пауэлл ўшанда мурожаат билан чиқиб, тергов унинг Трамп маъмурияти билан фоиз ставкалари бўйича олиб борган кураши натижаси эканини таъкидлади.
CNN нашри Уоршни ФРТ раҳбарлиги учун «анча типик» номзод деб атамоқда. У 55 ёшда, 2006 йилдан 2011 йилгача ФРТ Бошқарувчилар кенгаши аъзоси бўлган. Уорш, шунингдек, кичик Жорж Буш маъмурияти даврида Оқ уйда иқтисодчи бўлиб ишлаган. Ҳозирда у Стэнфорд университети қошидаги Гувер институти таҳлил марказининг таклиф этилган илмий ходими ҳисобланади.
Телеканалнинг қайд этишича, илгари Уорш қатъий инфляция тарафдори бўлган, бироқ ҳозирда фоиз ставкаларини пасайтириш тарафдори сифатида чиқиш қилмоқда.