Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 02/02/2026

Ўзбекистонда энергия ресурслари тарифларини оширишга бўлган ёндашувни ўзгартириш таклиф этилмоқда

Энергия ресурслари тақчиллиги, жумладан, метан заправкаларининг вақтинча ёпилиши ва газ таъминотидаги чекловлар инфляцион босим омилларидан бирига айланди, бироқ базавий инфляция прогнозини ўзгартирмади. Бу ҳақда 2026 йил 28 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, инфляцияни таҳлил қилиш ва асосий ставка бўйича қарор қабул қилишда регулятор омиллар мажмуига таянади.

«Ҳақиқатан ҳам, сўнгги пайтларда сиз айтган омиллар инфляциянинг асосий драйверларидан бирига айланди. Бироқ, умуман олганда, ҳам умумий, ҳам базавий инфляция бўйича пасайиш тенденцияси сақланиб қолмоқда», — деди Очилов.

У энергия ресурслари нархларининг ошиши инфляцияга аллақачон таъсир кўрсатганини, шунингдек, иккиламчи эффектларга эга бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Энергия нархларининг таъсири кузатилди ва биз кейинги даврларда унинг иккиламчи эффектларини ҳам кутмоқдамиз. Шу билан бирга, ҳукумат билан биргаликда чора кўриш бўйича таклифлар тайёрланди», — деди у ва «яқин вақт ичида улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниши кутилаётганини» қўшимча қилди.

Муҳокама қилинаётган чоралар сирасида у энергия ресурслари таклифини ошириш ва тарифларни кўтариш ёндашувларини ўзгартиришни тилга олди.

«Энергия ресурслари ва бошқа тартибга солинадиган нархлар бўйича тарифларни ошириш ёндашувларини ўзгартириш — ҳар ойда эмас, балки олдиндан белгиланган ойларда амалга ошириш бўйича таклифлар киритилди. Ушбу таклифлар бўйича тегишли хулосалар аллақачон шакллантирилган», — деди МБ вакили.

Газ ўчирилишининг, жумладан, метан заправкалари фаолияти тўхтатилиши ҳамда иссиқхоналар ва корхоналар учун чекловларнинг таъсири ҳақидаги аниқлаштирувчи саволга жавобан Нодирбек Очилов ушбу эффект инфляция ҳисоб-китобларида инобатга олинаётганини қайд этди.

«Бензин нархининг ошиши ва метан заправкалари ишидаги чекловлар транспорт хизматлари нархида акс этади. Биз буни транспорт хизматлари нархлари динамикасида кўриб турибмиз ва бу омил умумий инфляцияда аллақачон ҳисобга олинган», — деди.

МБ раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, қисқа муддатли узилишлар декабрь ойида бирламчи эффект сифатида намоён бўлган бўлиши мумкин, бироқ келгусида регулятор уларнинг иккиламчи таъсирини баҳолайди.

«Шу сабабли биз йил давомида иккиламчи эффектларни — улар инфляциянинг бошқа, барқарор омилларига қанчалик таъсир қилишини кузатиб борамиз», — деди Очилов.

У ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳам Марказий банкнинг инфляция прогнози ўзгаришсиз қолаётганини таъкидлади.

«Прогнозларимизда ушбу оширувчи омиллар инобатга олинган. Прогноз коридоримизда ҳам 6 фоиз атрофидаги пастроқ баҳолар, ҳам 6,5 фоиз атрофидаги базавий прогноз мавжуд. Тегишли равишда, барча омилларни ҳисобга олган ҳолда, прогнозимиз тахминан 6,5 фоиз даражасида шаклланган ва унда кўрсатилган барча таъсирлар ҳисобга олинган», — дея баёнот берди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ва газ тарифлари ҳар йили 1 майдан инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, лекин 10 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда оширилади, ваҳоланки, шу йилдан бошлаб уларни камида уч йилга фиксация қилиш режалаштирилган эди.

Базавий инфляция ва давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар

Базавий инфляция — бу вақтинчалик ва маъмурий тартибга солинадиган омилларни ҳисобга олмаган ҳолда, иқтисодиётдаги нархлар ўсишининг барқарор динамикасини акс эттирувчи кўрсаткич. Содда қилиб айтганда, у давлатнинг бир марталик қарорлари, мавсумий тебранишлар ёки ташқи шоклар туфайли эмас, балки талаб ва таклиф таъсирида нархлар қандай ўзгараётганини кўрсатади.

Умумий инфляциядан фарқли ўлароқ, базавий инфляция тартибга солинадиган нархларга эга бўлган товар ва хизматларни (масалан, коммунал тарифлар), шунингдек, нархи кескин ва қисқа муддатли тебранадиган позицияларни ҳисобга олмайди. Бу инфляция жараёнларининг «тоза» манзарасини олиш ва иқтисодиётдаги нархлар ўсиши қанчалик барқарор эканини тушуниш имконини беради.

Марказий банк учун базавий инфляция пул-кредит сиёсати бўйича, жумладан, асосий ставка даражаси (бу ўз навбатида кредит ва депозит ставкаларига таъсир қилади) бўйича қарор қабул қилишда асосий мўлжаллардан бири ҳисобланади. Агар айнан базавий инфляция ошса, бу ички инфляцион босимдан далолат беради ва регуляторнинг муносабатини талаб қилади. Агар нархлар ўсиши вақтинчалик омиллар билан боғлиқ бўлса, сиёсатга таъсири чекланган бўлиши мумкин.

2026 йил январь ойи бошида Марказий банк илк бор базавий инфляцияни ҳисоблашда чиқариб ташланадиган, нархлари маъмурий тартибга солинадиган товар ва хизматлар рўйхатини эълон қилди.

Базавий инфляцияни ҳисоблашда 458 та товар ва хизмат ҳисобга олинади (инфляцияни ҳисоблашда жами 510 та товар ва хизмат қамраб олинади). Рўйхатга нархлари маъмурий тартибга солинадиган 26 турдаги товар ва хизматлар киритилган бўлиб, улар биргаликда товар ва хизматлар истеъмол саватининг 15 фоизини ташкил этади:

  1. Биринчи навли буғдой унидан ёпилган нон
  2. Кўмир
  3. Енгил автомобиллар
  4. Бензин
  5. Шахсий автотранспорт учун пропан
  6. Шахсий автотранспорт учун метан
  7. Ичимлик суви ва канализация учун тўлов
  8. Маиший чиқиндиларни тўплаш учун тўлов
  9. Электр энергияси учун тўлов
  10. Тармоқ гази учун тўлов
  11. Суюлтирилган газ учун тўлов
  12. Иссиқ сув таъминоти учун тўлов
  13. Марказий иситиш учун тўлов
  14. Шаҳар атрофига қатнайдиган поездларда юриш
  15. Узоқ масофага қатнайдиган поездларда юриш
  16. Метрода юриш
  17. Трамвайда юриш
  18. Шаҳар автобусида юриш
  19. Троллейбусда юриш
  20. Стационар телефон алоқаси хизматлари учун абонент тўлови
  21. Музейлар хизмати
  22. Ҳайвонот боғлари хизмати
  23. Давлат болалар боғчалари
  24. Давлат олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш
  25. Диний хизматлар
  26. Юридик характердаги хизматлар