
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг офиси ОАВда тарқалган Ўзбекистон қизамиқдан холи мамлакат мақомидан маҳрум бўлгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Яқинда Euronews 2024 йилдаги касалланиш ҳолатларининг кескин ортиши фонида Арманистон, Австрия, Озарбайжон, Испания ва Буюк Британия ҳам ушбу мақомни йўқотганини хабар қилган эди.
ЖССТ маълумотларига кўра, бу хулосалар ЖССТнинг қизамиқ ва қизилча элиминациясини (бартараф этилишини) верификация қилиш бўйича Европа минтақавий комиссиясининг хулосаларига асосланган.
Комиссия Ўзбекистон Миллий верификация қўмитаси томонидан тайёрланган йиллик ҳисоботни кўриб чиққандан сўнг шундай қарорга келган. Ҳисобот эпидемиологик назорат ва иммунизация бўйича расмий миллий маълумотларга таянади.
Ўзбекистонда қизамиқ юқиши 2019 йилдан бери тикланган деб таснифланади
Ўзбекистон 2014−2016 йиллардаги маълумотлар асосида қизамиқ ва қизилча элиминациясига эришган мамлакат сифатида расман тан олинган эди. Ушбу мақом 2018 йилгача сақланиб қолган.
2019 йилдан бошлаб мамлакатда қизамиқ юқиши тикланган деб таснифланади, бу эса қизамиқ вирусининг 12 ой ва ундан ортиқ вақт давомида эндемик тарқалиши мавжудлигини англатади.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда қизилчанинг эндемик юқиши 36 ойдан ортиқ вақт давомида тўхтатилган ва қизилча элиминацияси мақоми сақланиб қолган, деб қайд этди ЖССТ.
Ташкилот шуни таъкидладики: «Ҳатто режали иммунизация қамрови юқори ва соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатлар ҳам, агар аҳолининг айрим гуруҳларида иммунитет бўшлиқлари юзага келса, қизамиқ авж олишига дуч келиши мумкин».
Сўнгги баҳолаш якунлари бўйича комиссия:
- Ўзбекистонда қизамиқнинг эндемик юқиши қайта тикланганлигини тасдиқлади;
- режали иммунизация қамрови даражаси юқорилигини, касаллик авж олишига жавобан ва қўшимча иммунизация кампаниялари ўтказилганини қайд этди;
- эпидемиологик назоратни, жумладан лаборатория имкониятлари ва вирус генотипларини аниқлашни кучайтиришни давом эттиришни, шунингдек, аҳолининг барча гуруҳларида қизамиқ ва қизилчага қарши вакцинанинг икки дозаси билан камида 95 фоиз қамровни таъминлашни тавсия қилди.
Минтақадаги вазият
ЖССТ Европа минтақасидаги кўплаб мамлакатлар шунга ўхшаш муаммоларга дуч келмоқда. 2024 йилда минтақанинг 19 та давлати қизамиқ бўйича эндемик ёки вирус юқиши қайта тикланган мамлакатлар сифатида таснифланди.
Қизамиқ ҳолатларининг умумий сони сўнгги 25 йил ичидаги энг юқори даражага етди. Асосий сабаб — иммунизациядаги бўшлиқлар бўлиб, қатор мамлакатларда бу COVID-19 пандемияси оқибатлари билан янада кучайган.
Қизамиқ элиминацияси мақомига қандай қайта эришиш мумкин
Қизамиқ элиминацияси мақомини тиклаш учун Ўзбекистон вирус юқишини тўхтатиши ва янги авж олишларнинг олдини олиши керак.
ЖССТнинг Европа минтақавий комиссияси ҳар йили Миллий верификация қўмитасининг ҳисоботларини кўриб чиқади ва тақдим этилган маълумотлар юқори вакцинация қамрови, самарали эпидемиологик назорат ва касаллик авж олишига ўз вақтида жавоб қайтариш билан бир қаторда, вируснинг узлуксиз юқиши йўқлигини тасдиқлашини баҳолайди.
Мақомни тасдиқлаш учун кетма-кет уч йил давомида эндемик юқиш ҳолатлари бўлмагани ҳақидаги ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.
ЖССТ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва миллий шериклар билан иммунизация дастурини кучайтириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишга содиқ эканини билдирди, токи ҳар бир бола миллий эмлаш календарида кўзда тутилган барча вакциналар билан қамраб олинсин.
Вакцинация қизамиқдан ҳимояланиш ва қизамиқ ҳамда қизилча элиминациясига барқарор эришишнинг энг самарали усули бўлиб қолмоқда, деб таъкидлади ташкилот. ЖССТ болалар саломатлигини ҳимоя қилиш ва касаллик авж олишининг олдини олиш учун аҳолини қизамиқ ва қизилчага қарши вакцинанинг икки дозаси билан камида 95 фоиз қамраб олишни таъминлашни ва ушбу даражани сақлаб туришни қатъий тавсия қилади.