
Ўзбекистон фуқаролари Туркия тиббиёт муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши якунлари бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Амир Султонов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим имзоланган бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистон фуқаролари ҳар йили белгиланган квота доирасида Туркия тиббиёт муассасаларида юқори малакали тиббий ёрдамни бепул олишлари мумкин бўлади.
У, шунингдек, йиғилиш якунлари бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Тайип Эрдоган қўшма баёнотни имзолаганларини, унда «икки давлат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб берилганини» қайд этди.
Бундан ташқари, кенг қамровли стратегик шериклик механизмлари тўғрисида қарор имзоланган бўлиб, у турли йўналишлар бўйича доимий қўшма қўмиталар ташкил этишни, шунингдек, амалий аҳамиятга эга тизимли лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Султонов таъкидлаганидек, музокараларнинг асосий мавзуларидан бири иқтисодий ҳамкорлик бўлди.
Томонлар транспорт соҳасига алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Ўзбекистонни Кавказ ва Европа билан боғлайдиган янги халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш режалаштирилган.
«Жумладан, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия йўналиши бўйича контейнер поездларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бу экспорт-импорт жараёнларини тўғридан-тўғри тезлаштириш имконини беради ва тадбиркорлар учун янги бозорларга чиқиш имкониятларини яратади», — деди ТИВ вакили «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Ўзбекистон ва Туркия, шунингдек, махсус иқтисодий зоналар соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. «Бу, шубҳасиз, Ўзбекистонга Туркиядан кўпроқ инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб қилишга хизмат қилади», — деб қайд этди у.
2026 йил 29 январь куни Ўзбекистон ва Туркия президентлари Анқарада Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишини ўтказдилар. Улар кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги қарорни имзоладилар. Ҳукуматлар ва идоралар ўртасида қатор ҳужжатлар тузилди.
Сўнгра давлат раҳбарлари Хатай музофотида «Ўзбекистон» турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдилар. У 2023 йилги зилзиладан жабрланган оилалар учун қурилган бўлиб, 306 хонадонли 24 та уйни ўз ичига олади. Шунингдек, Истанбулда ўзбек мактаби қурилишига старт берилди.