
Анқарага амалга оширилган расмий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоган Хатай музофотида Ўзбекистон томонидан қурилган «Ўзбекистон» турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдилар, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев 3 йил аввал юз берган вайронкор зилзила турк халқи учун оғир синов бўлганини қайд этди. Ўзбекистон ўша фожиали даврнинг илк кунлариданоқ Туркияни қўллаб-қувватлади.
Қисқа вақт ичида офат ҳудудига 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими юборилди. Ўтказилган қидирув-қутқарув амалиётлари натижасида 18 киши қутқарилди, вайроналар остидан 200 га яқин киши олиб чиқилди. Дала госпиталида 4000 нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Туркияда зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилди. Бугунги кунга келиб мамлакатда 455 мингдан ортиқ турар жой бинолари қуриб битказилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон қисқа муддат ичида Хатай музофотининг Арсуз туманида 24 та кўп қаватли уйдан иборат, инфратузилмага эга 300 дан ортиқ хонадонли турар жой мажмуасини барпо этди.
«Туркия президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги бошпана, балки ўзбек ва турк халқларининг абадий дўстлигининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади», дейилади хабарда.
Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга миннатдорлик билдирдилар.
Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини ўз эгаларига тантанали равишда топширдилар.
Шунингдек, президентлар Истанбулнинг Бакиркўй туманида ўзбек мактаби — Ўзбекистоннинг хориждаги илк таълим муассасаси қурилишига старт бердилар.
«Янги ўқув даргоҳи Туркияда истиқомат қилаётган ўзбек оилаларининг фарзандларига она тилида таълим олиш, шунингдек, миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради», дейилади хабарда.
Томонлар мазкур мактаб икки халқни янада яқинлаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.