
Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг ертўласида «кибербункер» аниқланди, деб хабар берди Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси.
Вилоят ИИББ маълумотларига кўра, Андижон вилоятида яшовчи, муқаддам фирибгарлик моддаси билан икки марта судланган 31 ёшли шахс шериклари билан биргаликда «колл-марказ» ташкил этган.
Улар фуқароларга қўнғироқ қилиб, гўёки Uzum Market иловасидаги «совринли ўйин»да ютуқ чиққани ҳақида ёлғон маълумот беришган.
«Совға»ни олиш баҳонасида жабрланувчиларни кредит ёки микроқарз лимитларидаги пулларни Alhikma Ilm ҳисобига вақтинча ўтказишга кўндиришган. Маблағлар кейинчалик компенсация қилиниши ваъда берилган.
Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари савдо майдончаларида товар етказиб берувчи сифатида рўйхатдан ўтишган. Товар етказиб беришни талаб қилган ёки шикоят қилиш билан таҳдид қилган харидорларга улар арзон, сифатсиз ёки буюртмага мос келмайдиган маҳсулотларни юборишган.
«Бу фирибгарлар жабрланувчиларнинг кредит лимитларини тўлиқ ўзлаштиргунга қадар чалғитувчи ҳаракат сифатида амалга оширилган. Пуллар ўтказилгандан сўнг, аксарият ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа узилган», — дейилади хабарда.
ИИББ маълумотларига кўра, Alhikma Ilm, Aksiya Tech Shoop ва Grandbook фирмалари орқали фаолият юритган «кибербункер»да 16 нафар оператор ишлаган.
Улар сохта онлайн-дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилишган ва терговга қадар текширув бошлангунига қадар 50 нафар фуқарога тегишли 200 млн сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиришган.
Ашёвий далил сифатида 22 тўплам компьютер техникаси, телефонлар, SIM-карталар, банк карталари, шунингдек, 2500 дан ортиқ фуқаронинг тўлиқ шахсий ва молиявий маълумотлари ёзилган рўйхатлар олинган.
«Агар сиз ёки яқинларингиз Alhikma Ilm, Aksiya Tech Shoop ёки Grandbook МЧЖ фирибгарлик ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз, зудлик билан Тошкент вилояти ИИББ навбатчилик қисмига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари чақириғида.
ИИББ телефонлари: 71-762-21-35, 71-762-20-24, 71-762-20-25. Шунингдек, яқин атрофдаги ички ишлар бўлимига ҳам мурожаат қилиш мумкин.