
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Равшан Мамажонович Маматовни Президент Администрацияси ҳузуридаги Гиёҳванд моддалар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги директори лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда 2026 йил 28 янврь куни давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Бир кун аввал жиноятчиликка қарши курашиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда президент агентлик фаолиятини танқид қилиб, унинг иши амалда таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолганини айтган эди.
У Равшан Маматовни агар фаолиятида ўзгариш бўлмаса, эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Шавкат Мирзиёев агентликнинг масъулияти кучайтирилишини, у соҳага оид идоралар ишини мувофиқлаштириш, улар фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш бўйича ваколатларга эга бўлишини таъкидлади. «Агентлик барча куч ва воситалар билан таъминланади», деб хабар берган эди президент матбуот хизмати.
Йиғилишда 2025 йили Ўзбекистонда 64 нафар шахс гиёҳванд моддалар таъсирида жиноят содир этгани, бунда ҳар учинчи ҳолат Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келгани айтилди.
Сўнгги 5 йил ичида пойтахтда мусодара қилинган синтетик гиёҳванд моддалар ҳажми 11 бараварга ошган. Бундай моддаларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилмоқда, ҳисоб-китоблар эса криптовалютада амалга оширилмоқда. Мамлакат ичида гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчи лабораториялар очила бошлаган.
Шавкат Мирзиёев гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва уюшган гуруҳларга қарши курашиш учун масъул бўлганларда гиёҳвандлик каналларининг якуний манбаси ва ҳомийларига чиқиш учун қатъият етишмаётганини таъкидлади.
Сўнгги уч ой ичида мамлакатда 50 га яқин йирик наркогуруҳ аъзолари қўлга олиниб, ярим тонна гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган, деб қайд этди у.
2025 йил декабрь ойида берилган маълумотларга кўра, охирги 5 йилда гиёҳвандликка чалинган беморлар сони 53 фоизга ошган. Синтетик гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи сифатида диспансер назоратига олинганлар сони 4 бараварга кўпайган.
2025 йил ноябрь ойида Равшан Маматов Ўзбекистонда беш йил ичида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони 2 бараварга ошганини маълум қилган эди. Ёшлар ўртасида «аптека наркоманияси» кенг тарқалаётганини у алоҳида қайд этган эди.