Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 30/01/2026

Миллий гвардиянинг собиқ раҳбари ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Рустам Мирзаевич Жўраевни ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Рустам Жўраев 2020 йилдан буён Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони лавозимида хизмат қилиб келаётган эди.

Аввалроқ хабар берилганидек, президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари бўлиб ишлаган Баҳодир Тошматов Миллий гвардиянинг янги қўмондони этиб тайинланган.

Вазирнинг аввалги ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев ИИВ тизимидаги давлат харидларида 186 млрд сўмлик бюджет маблағларини талон-торож қилиш бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳибсга олинган, дея таъкидлади куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев. Ноябрь ойида у ва ИИВ Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов лавозимидан озод этилган эди.

Рустам Жўраев ҳақида

Рустам Жўраев (1968 йилда туғилган) — ИИВ Академияси битирувчиси (1994 йил). 1994—2008 йилларда Ички ишлар вазирлигида турли лавозимларда, 2008—2012 йилларда Президент аппаратида фаолият юритган.

2012—2015 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари, 2015 йилда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 2015—2017 йилларда Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи, 2017—2018 йилларда фавқулодда вазиятлар вазири бўлган.

2018 йил февралидан 2020 йил мартигача ички ишлар вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимида ишлаган, сўнгра Миллий гвардияга раҳбарлик қилган.