
Азизбек Исраилович Икромов Ўзбекистон президентининг фармони билан фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Аввалроқ янги вазир номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Азизбек Икромов 1978 йил 10 июнда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996—2000 йилларда ИИВ Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида таҳсил олган. 2000—2017 йилларда ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасида бош мутахассисдан тортиб бош бошқарма бошлиғи ўринбосаригача бўлган турли лавозимларда ишлаган.
Сўнгра 2017 йилда мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари (2017—2019) этиб тайинланган.
2019 йилдан ички ишлар вазирининг ўринбосари — Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, шунингдек, ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
2023 йил июль ойида Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланган эди.
Бунгача фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида Ботир Баҳромович Қудратхўжаев ишлаб келаётган эди. Эндиликда у Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан ФВВ раҳбари лавозимидан озод этилди.