
Ўзбекистон Бош прокуратурасида давлат хизматлари марказлари ходимлари ва бошқа шахсларга нисбатан ҳайдовчилик гувоҳномаларини қалбакилаштириш ҳолатлари бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берди маҳкама матбуот хизмати.
Тергов давомида аниқланишича, 2025 йилда 8 та ҳудудда — Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 1200 дан ортиқ фуқаро қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаларини олган.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, қалбаки ҳужжат расмийлаштирган 455 киши йўл ҳаракати қоидаларини 1305 марта бузган. Бундан ташқари, 9 киши йўл-транспорт ҳодисалари иштирокчисига айланган, натижада 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 киши эса ҳалок бўлган.
«Жиноят ишининг ҳажми катталиги ва мураккаблигини инобатга олиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилди», — дейилади хабарда.
Ҳозирда қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари, шунингдек, уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилмоқда.
Бош прокуратура ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш зарурлигини эслатиб ўтди. Қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат ҳудудларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонларни Autodriver Study компаниясининг имтиҳон марказларида топшириш мумкин. Имтиҳонларни биринчи марта топшириш нархи назарий имтиҳон учун 1,5 млн сўм ва амалий имтиҳон учун 1,5 млн сўм (жами 3 млн сўм) этиб белгиланган. Назарий ва амалий имтиҳонларни ҳар бир қайта топшириш учун 1,6 млн сўмдан тўлов қилиш лозим.