Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 30/01/2026

Тарифни бепул ўзгартириш ва манфий баланс тақиқланиши: Мобил алоқа абонентлари учун қоидалар қандай ўзгаради

Ўзбекистонда Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳририда мобил алоқа абонентларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сезиларли даражада кучайтирилди. Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан тайёрланган ва 2026 йил 26 январь куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган ҳужжат апрель ойи охирида кучга киради.

Тарифни бепул ўзгартириш ва манфий баланс тақиқи

  • Хизматларни кўрсатишни давом эттириш учун ҳисобда маблағ етишмаслиги сабабли оператор ва абонент ўртасидаги шартномани бекор қилиш (рақамни ишламайдиган ҳолатга ўтказиш) муддати 2 ойдан 1 йилгача узайтирилади.
  • Абонентлар мавжуд тариф режасини исталган бошқасига бепул ўзгартириш имкониятига эга бўладилар (маълум бир гуруҳ ёки чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш бундан мустасно).
  • Амалдаги тарифлар шартлари ўзгартирилганда, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин ОАВ, операторнинг расмий сайти ёки SMS-хабарномалар орқали мажбурий тартибда огоҳлантирилиши лозим.
  • Дастлаб бепул бўлган хизматлар учун абонентнинг розилигисиз ҳақ олиш тақиқланади.
  • Абонент тўлови ва тариф режаси бўйича хизматлар учун маблағ ечиб олинганда, жисмоний шахс бўлган абонентнинг ҳисобини манфий ҳолатга (қарздорликка) тушириш тақиқланади.
  • Абонентларга Президентнинг виртуал қабулхонаси ишонч телефонларига туну кун бепул қўнғироқ қилишга рухсат берилади.
  • Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамларини кўчириш (MNP) энди хизмат кўрсатиш шохобчаларида 8 иш соати давомида эмас, балки 20 дақиқа ичида амалга оширилади.
  • Хизмат кўрсатиш шохобчасига кела олмайдиган фуқаролар учун яшаш жойида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш, шунингдек, чекка ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.

Пулли контент-хизматларни чеклаш

Қоидаларнинг янги таҳрири абонентларга улар сўрамаган пулли контент-хизматларни тақдим этишни чеклайди:

  • Бундан буён хизматларни фаоллаштириш фақат операторларнинг мобил иловалари ёки USSD-кодлар орқали амалга оширилади.
  • Хизматларни автоматик равишда улаш ёки абонентларнинг розилигисиз дастлаб бепул бўлган хизматларни пулли режимга ўтказиш тақиқланади.
  • Контент-провайдерлар томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пулли хизматлар дастлаб фаол бўлмаган (ўчирилган) ҳолатда бўлиши керак.

Таъкидлаш жоизки, кўрсатилган бандларнинг аксарияти кўп йиллар давомида мобил алоқа фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди. Айниқса, абонентнинг хабарисиз контент-хизматларнинг уланиб қолиши натижасида баланс тезда минусга тушиб кетиши ва одамлар алоқасиз қолиши қаттиқ танқид қилинарди. Шунингдек, янги абонентлар учун автоматик тарзда уланган пулли хизматлар ҳам норозиликларга сабаб бўларди.