
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармаси фаолияти билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
2025 йилда Қўриқлаш департаменти Миллий гвардиядан ички ишлар органлари тизимига ўтказилган эди. Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларида «ташвиш тугмачалари» ўрнатилиши ҳисобига қўриқлаш нарядлари билан қамраб олинган хонадонлар сони сезиларли даражада ошди. Шунингдек, ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш амалиёти жорий этилди.
Объектлар ва хонадонларни қўриқлаш соҳасида ички ишлар органларининг тегишли хизматлари билан ҳамкорлик тизими яратилди. Натижада бир йил ичида қўриқланадиган объектлар сони 99 фоизга, хонадонлар сони эса 118 фоизга кўпайди. Техник қўриқлаш марказлари сони 19 фоизга, уларга хизмат кўрсатувчи тезкор гуруҳлар сони 15 фоизга ошди.
Бошқарма биноси ҳовлисида президент хизматда фойдаланилаётган махсус техникаларни, дронлар манёврларини ҳамда жамоат тартибини сақлаш учун қўлланилаётган транспорт воситаларини кўздан кечирди.
Сўнгра Шавкат Мирзиёев қўриқлаш техникалари билан танишди. Унга «Хавфсиз шаҳар» концепциясини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Кўргазма майдончасида президентга видеокузатув тизимлари ва юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг талаблари асосида ўрнатилган турли турдаги камералар иши намойиш этилди.
Қайд этилганидек, бурилиш, юзни ва давлат рақамини таниш функциясига эга камералар маҳаллалар, турар жой мавзелари, жамоат жойлари, бинолар, ўқув юртларида, шунингдек, шаҳар ва туманларга кириш-чиқиш йўлларида ўрнатилмоқда. Бугунги кунда барча ҳудудий ички ишлар бошқармаларида «Қалқон» ахборот тизими тўлиқ ишга туширилган бўлиб, у ҳудудларни онлайн мониторинг қилиш, тезкор қидирув амалиётларини ўтказиш, куч ва воситаларни бошқариш ҳамда сунъий интеллект асосида жиноятларни «иссиқ изидан» аниқлаш имконини беради.
Президент ички ишлар органлари ва қўриқлаш хизматлари ишни маҳалладан бошлаши, хонадонлар ҳолатини ўрганиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаши зарурлигини таъкидлади. Тошкент мегаполис эканини инобатга олиб, у ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик омилларини мунтазам таҳлил қилиш зарурлигига эътибор қаратди.
«Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида ягона платформа яратилган бўлиб, 13 та маълумотларни қайта ишлаш маркази, ягона электрон харита, 42 750 та интеллектуал камера ва 17 та ёнғин хавфсизлиги мониторинги тизими ишламоқда. Ушбу тизимлар концепциянинг асосий таркибий қисмини ташкил этади. Интеллектуал транспорт тизимлари, автотураргоҳларни бошқариш, экологик ва сейсмологик мониторинг ҳамда фавқулодда вазиятларда хабар бериш тизимларини жорий этиш ва интеграция қилиш ишлари жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Президентга ИИВ Академиясида Рақамлаштириш департаменти учун янги бино қурилиши бошлангани ҳақида ахборот берилди. Йил якунига қадар тармоқ қамровини кенгайтириш, платформага сунъий интеллект асосидаги камида 4 та янги тизимни интеграция қилиш ва рақамлаштириш даражасини халқаро стандартларга кўтариш режалаштирилган.
Президент ҳозирги вақтда жиноятчилик шакллари ва омиллари ўзгараётгани, бироқ уларга мос бўлган тизим ва қарши курашиш чоралари ҳали тўлиқ шаклланмаганини қайд этди. У айниқса кибержиноятлар кўпайганини ва агар ушбу таҳдидларни бартараф этиш ишлари тезлаштирилмаса, аҳоли учун жиддий қийинчиликлар юзага келиши мумкинлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари соҳада малакали мутахассислар етишмаслиги муаммосига тўхталди. У банк ва ички ишлар органлари ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни мунтазам ўқитиш, шунингдек, видеокузатув тизимларини жорий этишда уларни ўрнатиш ва самарали бошқаришга қодир мутахассислар тайёрлаш ҳамда даврий ўқув курсларини ташкил этиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Сўнгра президент Тошкентда «Хавфсиз кўча», «Хавфсиз йўлак» лойиҳалари доирасида ҳамда гастрономик кўчаларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди. Шавкат Мирзиёев қўриқлаш хизмати бўлинмалари ҳаракатини мониторинг қилиш, бошқариш, мувофиқлаштириш ҳамда тезкор ва фавқулодда вазиятларда унинг куч ва воситаларини онлайн кузатиш учун ташкил этилган ситуацион марказ фаолияти билан танишди.