Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 29/01/2026

Тарқоқликдан «ягона организм» сари. ИИВ бўлинмалари сервис тузилмаларига айлантирилади

Ўзбекистонда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ишида «янги саҳифа очувчи» қарорлар қабул қилиш зарур. Бу ҳақда 2026 йил 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари ҳозирда ички ишлар органлари тизимидаги патруль-пост, йўл-патруль, профилактика, тезкор-қидирув ва қўриқлаш хизматлари тарқоқ ҳолда фаолият юритаётганини кўрсатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу мажбуриятларга юзаки ёндашишга ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан комплекс муносабат йўқлигига олиб келмоқда.

Президент мисол тариқасида йўл-патруль хизмати ходими кўчадаги низога аралашмаслиги, қўриқлаш хизмати объектдан ташқарида қоидабузарлик билан тўхтаб турган машинага эътибор бермаслиги, патруль-пост хизмати экипажи эса ишламаётган светофорли чорраҳадан ҳеч қандай ҳаракатсиз ўтиб кетиши каби ҳолатларни келтирди.

«Илғор тажрибада бу тузилмалар ягона организм сифатида ишлайди. Полициячи «бу менинг вазифамга киради, буниси эса йўқ» демайди. Айнан улар ҳар бир вазиятга «бажарилади» деб жавоб бергани учун ҳам аҳоли уларни ўз ҳимоячиси сифатида қабул қилади», — деди президент.

Шу муносабат билан у аҳоли билан бевосита ишлайдиган, жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши курашиш учун масъул бўлган ички ишлар органлари бўлинмаларини иш ташкил этишнинг янги тизимига ўтказиш тўғрисидаги фармон лойиҳасини тайёрлашни топширди.

Бундай бўлинмалар учун хизмат ўташ, аҳоли билан мулоқот маданияти, тезкор ҳаракат қилиш, шунингдек, куч ва қурол ишлатишнинг ягона стандартларини жорий этиш режалаштирилган. Қайд этилганидек, бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини «фуқароларга йўналтирилган сервис тузилмаси»га айлантириши керак.

Президент ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг очиқлиги масаласига ҳам тўхталди. У сўнгги йилларда давлат бошқаруви органларида олиб борилаётган шаффофлик сиёсати ижобий натижалар бераётганини, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида бу жараён секин кетаётганини, уларнинг иши мустақил ташқи тузилмалар томонидан етарлича баҳоланмаётганини қайд этди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ёпиқлиги на идораларнинг ўзига, на жамиятга фойда келтиради, балки ривожланиш ва ислоҳотларни тўхтатади. Бу контекстда у бутун дунёда эскирган ёндашувлар асосида ишлашда давом этаётган адлия тизимининг ролини кучайтириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Биринчи қадам сифатида Адлия вазирлигига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини «ҳуқуқий аудит»дан ўтказиш механизмини жорий этиш топширилди. Бундан ташқари, адлия органларининг роли, янги вазифа ва ваколатлари аниқ белгилаб бериладиган «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари йиғилишда уюшган ва наркожиноятчиликка қарши курашда масъулларда қатъият етишмаётганини айтди. Вазият Президент администрацияси шуғулланишни бошлаганидан кейин ўзгарди, деди. Уч ой ичида 50 га яқин йирик наркогуруҳ фош этилди. «Энг ёмони — фуқароларимиз хорижда ҳам товламачилик ва зўравонлик билан шуғулланмоқда».

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда жиноий гуруҳлар тобора кўпроқ бизнес ниқоби остида ва рақамли маконда ҳаракат қилиб, уй-жой, машина сотиб олиш ва зиёратларни ташкил этишда минглаб фуқароларни алдамоқда. У ИИВ тузилмасида уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича алоҳида бўлинма ташкил этилишини эълон қилди.