Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Малика», ҚҚС билан боғлиқ махинациялар, «ортиқча» солиқлар. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимини тарк этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳар солиқ органлари фаолиятидаги жиддий қонундаги бузилишларни маълум қилиб, «Чорсу» бозорида тўлов интизоми йўқлигини ва «Малика» савдо мажмуасидаги «ачинарли ҳолат»ни кўрсатиб ўтди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, 1500 га яқин тадбиркор ишлайдиган «Малика» бозорида уларнинг фақат тўртдан бир қисми рўйхатдан ўтган, шу билан бирга, 25 фоизи ойига ҳатто 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламайди. Бундан ташқари, декабрь ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик (қарийб 50 млн доллар) савдо тушумлари яширилган.

Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси фаолияти алоҳида танқид қилинди. Қайд этилганидек, бюджет режасининг бажарилиши ҳалол ишлаётган тадбиркорларга ортиқча солиқ ҳисоблаш ҳисобига таъминланмоқда. Хусусан, 46,4 мингта корхонадан белгиланган меъёрдан ортиқча 876 миллиард сўм ундирилган.

Президентнинг сўзларига кўра, Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғи бўйича сунъий равишда ортиқча тўловларни шакллантириш ва кейинчалик маблағларни бюджетдан ноқонуний қайтариб олиш ҳолатлари кўпайган. 2025 йили ҚҚСни ноқонуний қайтариш фактлари бўйича солиқ органларининг 20 нафар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Йиғилишда 7 йил давомида ушбу йўналишга масъул бўлган Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевнинг «бепарволиги ва масъулиятсизлиги» қайд этилди. Йиғилиш якунларига кўра у лавозимидан озод этилди. Ўша вақтда у Париж хизмат сафарида бўлиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) шафелигидаги ҚҚС бўйича Глобал форумнинг олтинчи йиғилишида иштирок этаётган эди.

Шунингдек, президент Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Х. Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжоновни лавозимидан озод этиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлашни топширди.

Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатовга Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекциялари бошлиқларини лавозимидан озод этиб, уларни вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш топширилди.

Пўлатов ва унинг комплаенс бўйича янги ўринбосари Абдулазиз Солиев олдига пойтахтда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, солиқ органлари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни ватанпарвар, ғайратли, инновацияларга интилувчи ёш кадрлар билан алмаштириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. Ғаниевни «тадбиркорларга» солиқ тўлашдан бўйин товлашда кўмаклашгани учун «бугуннинг ўзидаёқ» ишдан бўшатиш топширилди.

Абдулазиз Солиев ва Тошкент шаҳар ҳокимининг комплаенс бўйича ўринбосари Муҳаммад Мирҳамидов пойтахтда яширин иқтисодиётга қарши қатъий ва муросасиз муҳитни шакллантиришга масъул этиб тайинланди.

Президент йиғилишда Тошкент солиқ органлари ишини «мутлақо қониқарсиз» деб атади. У бюджетнинг катта миқдорда йўқотилишига олиб келган «ҳомийлик» ва коррупция ҳолатларини кўрсатиб ўтди. Мирзо Улуғбек тумани ДСИ собиқ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.