Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 28/01/2026

Президент Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва прокурор вазифасини бажарувчига ҳайфсан эълон қилди

Равшан Султонхўжаев / Анвар Ўрманов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 27 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва пойтахт прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмановга ҳайфсан эълон қилиб, уларга 6 ойлик синов муддати тайинлади.

Муҳокама давомида Тошкент шаҳар ички ишлар тизимидаги терговчи ва суриштирувчилар ишидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Хусусан, ходимларнинг малакаси етишмаслиги сабабли ўтган йили 833 та ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилмасдан, ҳисобдан яширилгани таъкидланди.

Шаҳарда жиноятчилик 2000 та ҳолатга камайгани ҳақидаги ҳисоботларга қарамай, Тошкентдаги 26 та маҳалла «қизил» ҳудудда, яна 465 таси «сариқ» тоифада қолмоқда.

Давлат раҳбари, шунингдек, республикадаги 208 та туман орасида Чилонзор тумани оилавий зўравонлик, талончилик ва безорилик бўйича, Юнусобод тумани эса босқинчилик бўйича биринчи ўринда турганини қайд этди. 2025 йили энг кўп қотиллик Яшнобод ва Миробод туманларида, тан жароҳати етказиш ҳолатлари Олмазор туманида, талончилик эса Шайхонтоҳур туманида қайд этилган.

Шу муносабат билан бир қатор туманларда яқинда ички ишлар органларининг янги раҳбарлари тайинланди. Президент улардан жиноятчиликни жиловлаш ва жойларда хавфсизликни таъминлаш бўйича ташаббускор ҳамда тизимли чоралар кутилаётганини таъкидлади.

Тошкент шаҳар ИИББ ва шаҳар прокуратураси раҳбарияти фаолияти алоҳида танқид остига олинди. Президент профилактика ва жиноятларни фош этишни кучайтириш ўрнига, уларнинг иши микроавтобусда шаҳарни айланиш билан чекланиб қолганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, 12 та туман ҳокими, ИИБ бошлиқлари, прокурорлар, «маҳалла еттилиги» ва жамоатчилик билан ҳамжиҳатликда иш ташкил этилганда 7500 тагача жиноятнинг олдини олиш мумкин эди.

У расмий ҳисоботлардан реал натижаларга ўтиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш ва пойтахтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун барча даражадаги раҳбарларнинг масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.

2026 йил 27 январь куни президент Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасига ташриф буюриб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Шу ернинг ўзида давлат раҳбари пойтахтда хавфсиз муҳит яратиш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни шакллантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказмоқда.