Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 28/01/2026

Тадбиркор қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун газ йўқлигидан шикоят қилди

Cherry-Pick Production компанияси вакили Жамшид Йўлдошев 2026 йил 21 январь куни бўлиб ўтган элчилар ва тадбиркорлар учрашувида ўз лойиҳасини газ таъминотига улаш билан боғлиқ муаммолар устидан шикоят қилди.

Унинг сўзларига кўра, компания замонавий қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Объект қурилиши 2021 йилнинг январида бошланган бўлиб, ҳозирги вақтда Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳудудидаги бино ва ишлаб чиқариш ускуналари тўлиқ тайёр ҳолатда. Бироқ, газ йўқлиги сабабли корхона амалда иш бошлай олмаяпти.

«Келгусида экспорт учун биз ҳар бир қути ёки қадоққа тегишли фитосанитария ва махсус сертификатларни тақдим эта оламиз. Ушбу лойиҳа ПҚ-136-сонли қарор доирасида параллел равишда ишга туширилган эди. Ҳозирда газ муаммоси туфайли у тўхтаб тургани боис, биз ўз маҳсулотларимиз ёки хизматларимизни бошқа тадбиркорларга ҳам таклиф қила олмаяпмиз», — деди компания вакили.

Президентнинг 2025 йил 8 апрелдаги қарорига мувофиқ, Cherry-Pick Production лойиҳаси мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари учун қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш объектлари рўйхатига киритилган эди. Уни ишга тушириш 2025 йилнинг июнь ойига режалаштирилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг доллар, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 3000 тоннагача қадоқлаш маҳсулотини ташкил этиши кўзда тутилган эди.

Вазиятни шарҳлар экан, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминовга тадбиркорга туман ҳокимлиги билан ҳамкорлик қилишда кўмаклашиш вазифасини топширди.

Ўз навбатида, Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов шунга ўхшаш муаммолар 33 та корхонада мавжудлигини маълум қилди. У ушбу корхоналарни тегишли реестрга киритишни ва газ таъминотини кейинги кундан бошлаб таъминлаш учун масалани ҳукумат комиссияси кўришига олиб чиқишни таклиф қилди.

Жамшид Йўлдошевнинг аниқлик киритишича, уланиш учун ариза сентябрь ойидаёқ электрон портал орқали топширилган. «Бизга рухсатнома юқори турувчи органлар билан келишилиши кераклигини айтишди, бироқ ҳозиргача масала ҳал этилмади», — деди.

Энергетика вазири ўринбосари вазият «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан ишлаб чиқилиши кераклигини айтди. У газ таъминоти айрим турдаги бизнеслар — масалан, ҳаммомлар ёки умумий овқатланиш корхоналари учун чекланиши мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Мамадаминов ушбу лойиҳадаги каби қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳақида гап кетганда, газга бўлган эҳтиёж асосли эканини қайд этди. Вице-премьер «Ҳудудгазтаъминот» Энергетика вазирлиги бўйсунувида эканини эслатиб ўтди.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, Cherry-Pick Production йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирмайди. Компаниянинг устав фонди 999 млн сўмни ташкил этади, у 2018 йил 12 декабрда рўйхатга олинган ва мева-сабзавотларни қайта ишлаш ҳамда консервалаш соҳасида фаолият юритади.

Компаниянинг алоқа маълумотларида йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 200 тоннадан ортиқ тайёр маҳсулотни ташкил этувчи, ёнғоқ ва қуритилган меваларни қайта ишлашга ихтисослашган Vita Boom бренди ҳам кўрсатилган.