
Нафас йўллари ва бош мия яллиғланишини келтириб чиқарувчи Нипаҳ вируси Ўзбекистонда қайд этилмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълум қилди.
Ушбу вирус зооноз бўлиб, одамларга ҳайвонлардан, масалан, кўршапалаклардан юқади. Шунингдек, вирус ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали ва одамдан одамга ўтиши ҳам мумкин. Сўнгги йилларда Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари Ҳиндистонда мунтазам равишда қайд этилмоқда, одамларнинг касалланиши Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам кузатилмоқда.
«Бу касалликнинг мамлакатимизга кириб келиш эҳтимоли жуда паст», — дейилади СЭС баёнотида.
Шунга қарамай, Ҳиндистонга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга профилактика чораларига риоя қилиш тавсия этилади:
- шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш;
- қўлларни совунлаб яхшилаб ювиш;
- антисептик воситалардан фойдаланиш;
- мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан олдин ювиш;
- шубҳали манбалардан сув ичмаслик;
- кўршапалаклар томонидан тешилган ёки тирналган меваларни истеъмол қилмаслик.
Юқори ҳарорат, қаттиқ бош оғриғи, йўтал ёки касалликнинг бошқа белгилари пайдо бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Идоранинг қўшимча қилишича, инфекция кириб келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистоннинг 54 та чегара пунктида доимий санитария-эпидемиологик назорат олиб борилмоқда.
Ҳозирда Ҳиндистонда Нипаҳ вируси тарқалиши кузатилмоқда. NDTV нашрининг маълумотларига кўра, Ғарбий Бенгалияда тиббиёт ходимлари орасида ушбу вируснинг бешта ҳолати тасдиқланган ва маҳаллий шифохоналарда инфекция аниқланганидан кейин 100 дан ортиқ киши карантинга олинган.