Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/01/2026

Ўзбекистонда инсульт ва инфаркт билан оғриган беморлар учун «олтин соат» стандарти тасдиқланди

Ўзбекистон президентининг 2026 йил 20 январдаги қарори билан инсульт ва инфарктга чалинган беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тамойили — «олтин соат» стандарти тасдиқланди.

Протоколга кўра, шошилинч ҳолатларда ўта муҳим муолажалар симптомлар пайдо бўлган вақтдан бошлаб дастлабки 60 дақиқа ичида ўтказилиши керак.

Стандартдан мақсад — инфаркт ва инсультдан ўлим ҳолатлари ҳамда асоратлар хавфини камайтириш, беморларнинг ташхис ва даволаниш имкониятларидан тезкор фойдаланишини таъминлаш.

Оилавий шифокорлар ҳар йили 30 ёшдан ошган аҳолини Европа кардиологлар жамияти тавсиялари асосида кўрикдан ўтказадилар, бу жараён қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • биринчи босқич — оммавий сўровнома ва хавф гуруҳларини аниқлаш — бунда одамларнинг қон босими, қондаги холестерин ва қанд миқдори ўлчанади;
  • иккинчи босқич — юқори хавф гуруҳидаги шахсларни инструментал текширувдан ўтказиш: электрокардиография, томирлар ультратовуш текшируви, допплерография, стресс-тестлар, тредмил-тест, тана вазни индексини баҳолаш ва бошқа кўрсаткичлар.

Зарурат туғилганда юрак ва бош мия томирлари ангиографияси, шунингдек, кўрсатмаларга кўра стентлаш амалиёти ўтказилади.

Ўткир инфаркт ва бошқа юрак-қон томир касалликларида шошилинч ёрдам кўрсатиш алгоритмлари тез ёрдам ва шифохона учун ҳаракат вақти меъёрларини белгилайди:

  • тез ёрдам етиб келгунича ва ЭКГ ўтказилгунча — 10 дақиқагача;
  • шифокорнинг бемор билан илк мулоқотидан инфаркт ташхиси қўйилгунча — 10 дақиқагача;
  • ташхис қўйилгандан беморни шифохонага юборишгача — 10−15 дақиқа;
  • беморни операция ўтказиш учун шифохонага етказиш — 90 дақиқагача.

Шундай қилиб, ташхис қўйилгандан шифохонада операция бошлангунга қадар бўлган вақт беморнинг ҳолатига қараб 2 соатдан 12 соатгача ташкил этиши мумкин.

Инсультда шошилинч ёрдам кўрсатиш алгоритмлари:

  • тез ёрдам етиб келгунича ва инсульт симптомларини тезкор баҳолаш учун ФАСТ (FAST) алгоритмини қўллагунча — 10 дақиқагача;
  • ФАСТ алгоритми асосида инсульт ташхисини қўйиш ва касалхонага ётқизиш ҳақида қарор қабул қилиш — 10−15 дақиқа;
  • беморни туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказига етказиш — 60 дақиқагача;
  • инструментал диагностика (компьютер ангиографияси) ўтказиш, тромболитик терапияни бошлаш ва ҳудудий тиббиёт марказига юбориш ҳақида қарор қабул қилиш — 45 дақиқагача;
  • инсультда операция бошлангунга қадар бўлган вақт — 4,5−6 соат.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси директори Элдор Одилов аввалроқ дастур доирасида инсульт ва инфаркт билан оғриган беморларга ёрдам кўрсатувчи тиббиёт муассасалари икки босқичга бўлинишини маълум қилган эди. Биринчиси — МСКТ аппаратлари билан жиҳозланган муассасалар. Иккинчи босқич — ихтисослаштирилган инсульт ва кардиология марказлари.

ФАСТ (FAST) нима?

ФАСТ алгоритми — бу инсульт белгиларини тезкор баҳолаш учун халқаро миқёсда тан олинган скрининг усули. Ундан ҳам тиббиёт ходимлари, ҳам оддий одамлар фойдаланиши мумкин. Унинг вазифаси — инсультни имкон қадар эрта гумон қилиш ва тезроқ ташхис қўйиш ҳамда даволашни таъминлашга ёрдам беришдир.

Face (Юз)

Одамдан жилмайишни ёки тишларини кўрсатишни сўраш керак.

Инсульт белгиси: юз асимметрияси — оғизнинг бир бурчаги тушган, юз «қийшайган», юзнинг бир қисми ҳаракатланмайди.

Arm (Қўл)

Иккала қўлини олдинга кўтаришни ва бир оз шу ҳолатда тутиб туришни сўраш керак.

Инсульт белгиси: бир қўл кўтарилмайди ёки тез тушиб кетади.

Speech (Нутқ)

Оддий иборани такрорлашни сўраш керак (масалан, «Бугун ҳаво яхши»).

Инсульт белгиси: нутқ тушунарсиз, одам гапира олмайди, сўзларни адаштиради ёки унга қаратилган нутқни тушунмайди.

Time (Вақт)

Агар юқоридаги белгилардан лоақал биттаси кузатилса, зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур.