Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/01/2026

Тошкентдаги масжидларнинг собиқ имом-хатиби Одилхон Исмоилов қамоққа олинди

Тошкент шаҳридаги масжидларнинг собиқ имом-хатиби Одилхон Исмоилов қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Наманган вилоятида туғилган О. Исмоиловга (1977 йилда туғилган, Rayxon oilaviy milliy taomlari таъсисчиси), шунингдек, яна беш нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айблов эълон қилинган:

  • 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 179-модда (сохта тадбиркорлик);
  • 184-модда (солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш);
  • 189-модда (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш);
  • 28-модда орқали 209-модда (мансаб сохтакорлигида иштирокчилик);
  • 209-модда (мансаб сохтакорлиги);
  • 227-модда (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
  • 228-модда (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш).

Уларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Поп туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилмоқда, дейилади хабарда.

Судланувчи ва яна 4 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш, бир кишига нисбатан эса гаров эҳтиёт чораси қўлланган.

Одилхон Исмоилов 2010 йилдан буён Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 2011 йилдан 2018 йил июлига қадар Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби ва «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби бўлиб фаолият юритган.

2018 йил июль ойида Мусулмонлар идораси Исмоилов «интернет орқали тасдиқланмаган хабарларни тарқатгани ҳамда саломатлиги туфайли ўз вазифаларини бажара олмагани сабабли» лавозимидан озод этилганини маълум қилган эди.

2019 йилдан Одилхон Исмоилов «Вақф» хайрия жамоат фондида ишлаган.

2019 йил февраль ойида Одилхон Исмоилов Шайхонтоҳур туманидаги «Хўжа Аламбардор» масжиди имом-хатиби этиб тайинланган. 2019 йил сентябрь ойида у соғлиғидаги муаммолар сабабли ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилган.