
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси дипломатлари Виржиния штатидаги Кэролайн ва Фармвилл хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларида бўлиб, у ерда сақланаётган ватандошлар билан консуллик учрашувлари ўтказди, деб хабар берди ТИВ ҳузуридаги «Дунё» ахборот агентлиги.
Улар ватандошларнинг сақланиш шароитлари, соғлиғининг ҳолати ва умумий аҳволи, овқатланиши ва бошқа маиший масалаларни ўргандилар. Уларга консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтиришлар берилди, дейилади хабарда.
Ўзбекистонликлар АҚШга ноқонуний кириб келганликлари сабабли уларга нисбатан депортация қилиш масаласида суд жараёнлари кетаётганини маълум қилишган. Улар ватанига тезроқ қайтишда ёрдам беришни сўрашган.
Дипломатлар фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш масалалари бўйича Америка томони билан музокаралар ўтказишга ва консуллик ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдиришди.
«АҚШ иммиграция сиёсатидаги сўнгги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор бўлиб турган мамлакатларида қонуний равишда қолиш, маҳаллий қонунларга қатъий риоя қилиш ва ноқонуний фаолиятдан тийилиш қатъий тавсия этилади», — дейилади хабарда.
Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси консуллик бўлими билан +1 (202) 887-5300 телефони ва consul.washington@mfa.uz электрон почтаси орқали боғланиш мумкин.
2026 йил 21 январь куни Тошкентга АҚШда ноқонуний бўлиб турганлиги сабабли депортация қилинган 44 нафар Ўзбекистон фуқароси етиб келди. АҚШ миграция хизматлари томонидан Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу рейс Дональд Трамп президент этиб қайта сайланганидан кейинги ўн биринчиси бўлди. Умумий ҳисобда қарийб 700 киши қайтарилган.