Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистоннинг «оғир» маҳаллаларида кичик қуёш электр станциялари ўрнатилади

Камбағаллик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда кичик қуёш электр станцияларини қуриш, шунингдек, бандлик ва даромадларни ошириш ҳамда ҳудудларни ихтисослаштириш бўйича дастурларни ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бундай маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш учун, аввало, барқарор электр таъминоти муаммоларини ҳал этиш зарур. Бунинг учун 903 та «оғир» маҳалланинг ҳар бирида қуввати 300 кВт бўлган кичик қуёш электр станциясини қуриш режалаштирилган бўлиб, улар маҳаллага беғараз актив сифатида берилади.

Ишлаб чиқариладиган «яшил» энергия ҳисобига ҳар бир маҳаллада йилига 400−500 млн сўм қўшимча даромад келтиришга қодир иқтисодий актив пайдо бўлади. Олинадиган маблағлар «яшил» чора-тадбирларни амалга оширишга — хусусан, муҳтож оилалар уйларини энергия самарадор таъмирлаш, электр энергияси харажатларини камайтириш ва турмуш шароитларини яхшилашга йўналтирилади.

Қуёш станцияларидан фойдаланишга тегишли маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган оилалар аъзоларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар яшайдиган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 6700 та хонадон энергия тежовчи технологияларни қўллаган ҳолда таъмирланади.

Шундай ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1000 та илғор маҳаллада ҳам амалга оширилади. Бу ҳолатларда кичик қуёш электр станциялари маҳаллаларга 7 йил муддатга фоизсиз лизинг асосида берилади.

Маҳаллалар ихтисослашуви

Президент маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришнинг асосий шарти эканини таъкидлади. Расмий маълумотларга кўра, ихтисослашган маҳаллаларда аҳоли фаровонлиги сезиларли даражада юқори, ижтимоий ёрдам олувчилар сони эса икки баравар кам.

Ҳозирги вақтда 903 та «оғир» маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари мавжуд. Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сув таъминотини йўлга қўйиш, уруғ ва кўчатлар билан таъминлаш ҳамда ихтисослашувни тизимли асосда ташкил этиш орқали аҳоли даромадлари ва турмуш шароитларида кескин ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин.

Нишон туманидаги «Оқолтин» маҳалласи мисол тариқасида келтирилди. Насослар ёрдамида сув чиқарилганидан сўнг, 25 йил давомида томорқасидан фойдаланмаган 280 та хонадон 50−60 млн сўмдан даромад ола бошлади.

Бугун маҳалла аҳли ички йўлларни яхшилаш ҳақида илтимос билан чиқди ва давлат раҳбари эртаси куниёқ ушбу мақсадлар учун 1,5 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берди.

«Марҳамат, агар яна қайсидир маҳалла раиси аҳоли кўникмаларидан келиб чиқиб, ишни шахсан бошқарса, ҳудудни ихтисослаштирса ва хонадонлар даромадларини 3−4 баравар оширса, мен йўлларни яхшилаш, сув таъминоти ва суғориш тармоқлари учун қўшимча равишда яна 2 млрд сўмдан ажратишга тайёрман», — деди президент.

Унинг фикрича, бу «давлат ва маҳалла ўртасидаги ўзига хос янги ижтимоий шартнома тизими» бўлади.

Томорқа хўжаликлари учун молиявий рағбатлар

Маҳаллалар ихтисослашувини рағбатлантириш учун қўшимча молиявий механизмлар жорий этилади. Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун қуйидагилар кўзда тутилган:

  • сертификатланган кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизини бюджет ҳисобидан қоплаш;
  • шпалер ўрнатиш учун субсидиялар — экин турига қараб 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача;
  • томчилатиб суғориш жорий этилганда ҳар бир сотих учун 160 минг сўм компенсация.

Агар тажрибали деҳқонлар маҳалладаги камида 10 та хонадонда экспортга йўналтирилган маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, уларга 2 млн сўм тўланади. Хонадонларнинг камида 30 фоизи қамраб олинган тақдирда, қўшимча равишда 75 млн сўм миқдорида мукофот кўзда тутилган.

Бу йил 2000 гектар ўрмон ерлари 4000 та кам таъминланган оилага тутзорлар ташкил қилиш учун 10 йилга бепул берилади — ҳар бир оилага 50 сотихдан. Пиллачилик кооперативларини ташкил этиш учун муҳтож оилаларга 4 млн сўмдан субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, уйда ипак қурти боқишни хоҳловчи кам таъминланган оилалар хоналарни жиҳозлаш ва ускуналар сотиб олиш учун 20 млн сўмгача фоизсиз қарз олишлари мумкин бўлади.

Бизнес учун кредитлар ва ставкаларни пасайтириш

2026 йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 140 трлн сўм кредит маблағлари йўналтирилиши режалаштирилган.

«Ҳозир банклар таклиф қилаётган кредитлар ҳамма туманлар учун бир хил. Лекин Олмазор билан Бўзатовнинг имкониятларини солиштириб бўладими? Энди оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 37 та «оғир» туманда кредитлар 17,5 фоиз ўрнига 12 фоиз билан берилади», — деди президент.

Барча туманларда оилавий тадбиркорлик бўйича имтиёзли кредитнинг максимал миқдори 1,5 бараварга — 50 млн сўмгача оширилади. Бунда:

  • импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва сотиб олиш учун 100 млн сўмгача;
  • меҳмон уйлари, совитиш ускуналари, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун 150 млн сўмгача гаровсиз кредитлар олиш мумкин.

Чегара олди ва анклав ҳудудларда жойлашган 562 та маҳаллада тадбиркорлик лойиҳалари учун кредитлар лимити 1 млрд сўмгача оширилади. Бунинг учун оилавий тадбиркорлик дастурларига аввал режалаштирилган 3,6 трлн сўмга қўшимча равишда яна 2 трлн сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун 2026 йилда банклар 17 трлн сўм кредит ажратади, бунда давлат маҳсулот ишлаб чиқариш учун кредитнинг 4 фоизини, уни қайта ишлаш лойиҳалари учун эса 6 фоизини қоплаб беради.