
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 23 январь куни 2026 йилда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасидаги асосий вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 7,7 фоизга ўсиб, дастлабки прогнозлардан сезиларли даражада юқори бўлди, ЯИМ ҳажми эса 147 млрд доллардан ошди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилдагига нисбатан юқори бўлди. Жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43 млрд долларга, экспорт эса 33,8 млрд долларга етди. Иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби юқори бўлишига қарамай, инфляция 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизгача пасайди, деди.
«Нима учун мен бу рақамларни келтиряпман? Чунки иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга шунча кўп маблағ йўналтирилади. Бу эса пировардида аҳоли бандлиги, даромадлари ва фаровонлиги даражасининг ошишига хизмат қилади», — деди президент.
Камбағаллик ва ишсизликнинг камайиши
Унинг сўзларига кўра, ўтган йил якунлари бўйича 366 минг оила камбағалликдан чиқарилди (Миллий статистика қўмитаси ва Жаҳон банки сўровномаси маълумотларига кўра — 302 мингта): камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизгача, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизгача пасайди.
«Буларнинг барчаси ислоҳотларимиз натижаси ва давлат билан халқ ўртасидаги ишонч изчил мустаҳкамланиб бораётганининг тасдиғидир», — деб қайд этди давлат раҳбари.
Шу билан бирга, президент олдинда катта ҳажмдаги ишлар турганини таъкидлади. 2026 йил «Маҳалла ва бутун жамиятни ривожлантириш йили» деб эълон қилинган бўлиб, унинг доирасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича вазифалар қўйилган.
«Маҳалла — ислоҳотлар қаерда ишлаётгани, қаерда эса тўхтаб қолгани яққол кўринадиган жой. Агар маҳаллада ишсизлар ва камбағал оилалар қолаётган бўлса, демак, ислоҳотлар у ерга етиб бормабди. Агар «маҳалла еттилиги» ва банк ходимлари одамларнинг муаммоларини ҳал қилмаётган бўлса, демак, тизим айнан шу ерда ишламаяпти», — деди.
Президент, шунингдек, на вазирлар, на ҳокимлар ва на банк раҳбарлари масъулиятни «маҳалла еттилиги» зиммасига юклашга ҳаққи йўқлигини кўрсатиб ўтди.
«Имконият ва маблағ бор, қарорлар ва дастурлар бор. Масъулият ва шахсий ҳисобдорлик етишмаяпти», — деди.
Услубий кўмак ва энг яхши тажрибалар
Давлат раҳбари ҳокимлар ва «маҳалла еттилиги»да услубий билим ва амалий тажриба етишмаётганини, тегишли вазирлик ва идоралар эса уларга етарли даражада кўмак бермаётганини таъкидлади.
Муваффақиятли маҳаллий ташаббусларга мисол сифатида у Арнасой туманидаги чорвачилик, Шўрчи туманидаги банан етиштириш, Қувадаги анорчилик ва Бўстонлиқ туманидаги асаларичиликни келтириб ўтди ва ушбу тажрибаларни кенгайтириш мумкинлигини, бироқ ҳозирча улардан самарали фойдаланилмаётганини таъкидлади.
«Бундай мисоллар ҳамма жойда бор. Лекин бу тажрибаларни ўргатадиган ва кўламини кенгайтирадиган тизим йўқ», — деди президент.
Масъул шахсларга бир ой муддатда камбағаллик ва ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллалар салоҳиятини ўрганиш ва энг яхши тажрибаларни жорий этиш бўйича услубий қўлланма тайёрлаш топширилди. Жойлардаги ҳокимлар уни амалга ошириш, иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун жавобгар бўладилар.
«Умуман олганда, бу йил ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик фаолияти маҳаллалар билан боғланади ва қабул қилинаётган қарорларда улар маҳалла даражасида қандай ўзгаришлар олиб келиши ҳисобга олинади», — деб таъкидлади президент.
2026 йил учун вазифалар
Жорий йил учун қуйидаги мақсадлар белгиланди:
- 1 млн кишини доимий иш билан таъминлаш;
- 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш;
- камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 бараварга, яъни 3500 тагача ошириш;
- ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача тушириш.