Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 25/01/2026

Qonun doirasida ходимлари туҳмат ва товламачиликда айбланиб қўлга олинди

Ўзбекистонда яна бир ОАВ ходимлари туҳмат, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланиб қўлга олинди. Хоразм вилояти ИИБ Урганч шаҳрида Qonun doirasida («Қонун доирасида») лойиҳаси раҳбари — 45 ёшли ҳуқуқшунос Фурқат Рўзметов ва ходим — 33 ёшли ҳуқуқшунос Азамат Авезов ҳибсга олинганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Урганч шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бир қатор фуқароларнинг аризалари юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Қўлга олинганлар Ўзбекистон Жиноят кодексининг еттита моддаси бўйича айбланмоқда, хусусан:

  • 139-модда 3-қисмининг «а» ва «г» бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразли ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш);
  • 165-модда 3-қисмининг «а» ва «в» бандлари (жуда кўп миқдорда уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб товламачилик қилиш);
  • 168-модда 4-қисмининг «а» ва «в» бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланиб, кўп миқдорда фирибгарлик содир этиш);
  • 198-модданинг 3-қисми (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш, нобуд қилиш, кўп миқдорда зарар етказиш);
  • 228-модда 2-қисмининг «б» банди ва 3-қисми (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш; ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб ундан фойдаланиш);
  • 229-модда (ўзбошимчалик);
  • 244−6-модданинг 3-қисми (ёлғон ахборот тарқатиш).

Жиноят иши бўйича бошқа фуқаролар ҳам фигурант ҳисобланади, уларнинг исмлари ва сони аниқлаштирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 16 январь куни Taftish.uz лойиҳаси билан боғлиқ бўлган 5 киши қўлга олинган эди. Ғайрат Абераев, Азизжон Йўлдошев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқувватова ва Дилшод Нишонов товламачилик, фирибгарлик, туҳмат ва ёлғон ахборот тарқатишда айбланмоқда.

2026 йил 20 январь куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳар суди «Антикоррупция» нашри мухбири Элёр Тожибоевни туҳмат, ҳақорат қилиш, товламачилик, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, шикастлантириш ёки яшириш, шунингдек, ёлғон ахборот тарқатиш айбловлари билан 4 йил муддатга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди.