
2025 йил 30 декабрь куни Наманган туман судида Россия томонида туриб Украинага қарши урушда қатнашган фуқарога нисбатан ҳукм ўқилди.
Судланувчи, 30 ёшли Р. С., 2021 йилда ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетган. 2022 йилда у ерда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
«2021 йил октябрь ойида Россияга бориб, одамлар ва турли товарларни ташиш билан шуғулландим. 2022 йил 21 январда кўрсатилган манзил бўйича дори воситаларини етказиб бераётганимда Россия ИИВ ходимлари томонидан қўлга олиндим. Жиноят иши қўзғатилди, 2023 йил 2 августда суд мени гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний ташишда айбдор деб топди», — деди Р. С. суд мажлисида.
Унга 9 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2024 йил сентябрь ойида Р. С. жазо ўтаётган Невьянск шаҳридаги (Свердловск вилояти) ахлоқ тузитиш муассасасига Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари келиб, маҳкумларга Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун бир йил муддатга шартнома имзолашни таклиф қилишган.
Бунинг эвазига уларга авф этиш, ойига 200 минг рубль миқдорида иш ҳақи тўлаш ва Россия фуқаролигини бериш ваъда қилинган. Шундан сўнг, 2025 йил 4 январда Р. С. Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик контракт имзолаган, дейилади суд материалларида.
Судланувчи воқеанинг ўз талқинини сўзлаб берди:
«Бу таклифга [Россия Мудофаа вазирлиги] ҳеч ким рози бўлмади. Шундан сўнг муассаса маъмурияти ҳеч қандай асоссиз барча миллати рус бўлмаган маҳкумларни қаттиқ тартибли изоляторга (карцерга) жойлаштира бошлади. Мен у ерга 2024 йил 3 октябрда тушдим. Карцердаги шароитлар ўта оғир эди — намлик, деворларда ёриқлар, жуда совуқ», — деди.
Унинг сўзларига кўра, жазо ўтаётганларга нисбатан руҳий ва жисмоний босим ўтказилган.
«Муассаса бошлиғининг биринчи ўринбосари урушга боришга рози бўлиб, контракт имзолаган одам карцердан чиқишини, имзоламаган эса чиқмаслигини ва ўша ерда ўлишини айтди. Шундан сўнг, 2025 йил 4 январда ўлиб кетмаслик учун бошқа маҳкумлар билан бирга бир йиллик контракт имзолашга мажбур бўлдим», — деди судланувчи.
2025 йил 5 январь куни Р. С. бошқа маҳкумлар билан бирга Украинанинг Россия назорати остидаги Донецк вилояти Металлист қўрғонида жойлашган полигонга юборилган. У ерда 10 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган, шундан сўнг оддий аскар ҳарбий унвонини олиб, «Сайдул» шартли лақаби (позывной) остида мотоўқчи лавозимида хизматга киришган. Тайёргарлик якунлангач, Р. С. бошқа ҳарбий хизматчилар билан бирга Украина ҳудудидаги Зверево қишлоғи йўналишида жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун юборилган.
«Жанг майдонига чиқишдан олдин бизни Калашников автомати, бронежилет, каска, тўртта патрон тўла магазин ва тўртта граната билан қуроллантиришди. Бўлинма командири чекинишга уринган ҳар қандай одам дарҳол отиб ташланиши ҳақида буйруқ берди. Шундан сўнг жангга кирдик», — деди Р. С.
2025 йил 16 январь куни Украина ҳарбийлари томонидан уюштирилган ҳужум пайтида Р. С. иккала тиззаси, кўкрак қафаси, қовурғалари ва бўйнидан яраланган. Унинг сўзларига кўра, бошқа хизматдошлари ҳалок бўлган. 24 январдан 21 мартгача Р. С. ҳарбий госпиталда даволанган, кейин эса Екатеринбургдаги тиббиёт муассасасидан қочиб, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилган. Элчихонадан Ватанга қайтиш гувоҳномасини олиб, 2025 йил 28 март куни Ўзбекистонга келган.
Р. С. урушда мажбурликдан қатнашганини, ҳеч қандай моддий манфаатдорлик кўзламаганини, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, суддан жазони енгиллатишни сўради.
Судланувчи Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланмачилик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Ушбу моддада 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган, бироқ суд ЖКнинг 57-моддаси орқали жазони енгиллатди.
Якуний қарорга кўра, Р. С.га 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ишдан бўш вақтларида, шунингдек, ишга бориш ва қайтиш учун зарур бўлган вақтдан ташқари бошқа соатларда яшаш жойини тарк этиш тақиқланди.
Жазони ўташ яшаш жойи бўйича белгиланди. Эркак Мингбулоқ тумани ички ишлар бўлими розилигисиз яшаш жойини ўзгартириши ва Наманган вилояти ҳудудидан ташқарига чиқиши мумкин эмас.