Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ўсиши секинлашди, нефть ва бензин ишлаб чиқариш 2025 йилда камайди

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш 84,8 млрд кВт⋅соатгача ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида сўз боради.

Электр энергияси

Йил давомида ишлаб чиқариш 3,2 млрд кВт⋅соатга ошди, бу 2024 йилдагига (81,6 млрд) нисбатан 4 фоизга кўп. Шу билан бирга, ўсиш суръати секинлашди — 2024 йилда у 5 фоизни (+3,9 млрд кВт⋅соат) ташкил этган эди. 2023 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 5,3 фоизга, 2022 йилда эса 3,7 фоизга ошган.

Бу йирик корхоналарда (уларнинг аксарияти газда ишлайди) электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 11,4 фоизга — 71 млрд дан 62,9 млрд кВт⋅соатгача камайгани билан боғлиқ. 2024 йилда пасайиш 7,8 фоизни ташкил этган эди.

Йўқотишлар кичик корхоналар (жумладан, қуёш ва шамол электр станциялари) томонидан ишлаб чиқарилган энергия ҳисобига қопланмоқда. 12 ой ичида ишлаб чиқариш ҳажми 2 баравардан кўпроққа ошиб, 10,5 млрд дан 21,8 млрд кВт⋅соатга етди.

Бироқ куз-қиш мавсуми бошланиши билан қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) станцияларида энергия ишлаб чиқариш камая бошлади, шу сабабли 2025 йил ноябрь-декабрь ойларида йирик станцияларда ишлаб чиқариш кўпайтирилди (2024 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларига нисбатан +6,7 фоиз ва +5,7 фоиз).

Нефть

2025 йилда нефть қазиб олиш 655,7 минг тоннани ташкил этди, бу 2024 йилдагига нисбатан 7,9 фоизга ёки 56,3 минг тоннага кам. Ушбу ҳажм Ўзбекистондаги бир ойлик нефть ишлаб чиқариш миқдорига тенг.

Қазиб олишнинг пасайиши кетма-кет учинчи йил давом этмоқда. 2024 йилда пасайиш 8,6 фоизни (-67,7 минг тонна), 2023 йилда эса 1 фоизни (-8100 тонна) ташкил этган эди.

Бензин

2025 йили давомида 1,2 миллион тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2024 йилга нисбатан 6,7 фоизга (-86,6 минг тонна) кам.

Ишлаб чиқаришнинг қисқариши кетма-кет иккинчи йил давом этмоқда. 2024 йилда пасайиш 3,5 фоизни ёки 51 минг тоннани ташкил этган эди.

Шу билан бирга, 2025 йил ноябрь ва декабрь ойларида бензин ишлаб чиқариш 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 12,2 фоиз ва 16,9 фоизга ошиб, тегишлича 107,4 минг ва 118,1 минг тоннага етди.

Дизель

2025 йили дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 18,6 фоизга ошиб, 976,3 минг тоннадан 1,16 миллион тоннага етди.

2025 йил ноябрь (2024 йил ноябрига нисбатан +74,3 фоиз) ва декабрь (+35,5 фоиз) ойларида кескин ўсиш қайд этилди. Ўтган ойда 86,6 минг тонна дизель ишлаб чиқарилди.

Аввалги йилларда «Ўзбекнефтгаз» давлат компанияси томонидан 3,42 млрд долларга қурилган Uzbekistan GTL дизель ишлаб чиқарувчи заводи куз-қиш мавсумларида профилактика учун ёпилар эди.

Кўмир

Йиллик кўмир қазиб олиш рекорд даражадаги 8,9 миллион тоннага етди, бу 2024 йилдагига (8,2 миллион) нисбатан 15,7 фоизга кўп.

2025 йил декабрь ойида 1,4 миллион тонна кўмир қазиб олинди (2024 йилнинг декабрь ойидаги кўрсаткичдан 1,7 баравар кўп).

Йирик корхоналар томонидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 10,1 фоизга — 22,9 млн дан 20,4 млн Гкал гача камайди.