Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/01/2026

АҚШ Ўзбекистоннинг 44 нафар фуқаросини депортация қилди. Парвоз тўхташлар билан бир суткадан кўпроқ давом этди

2026 йил 21 январь куни кечқурун Тошкентга АҚШдан депортация қилинган Ўзбекистон фуқаролари бўлган навбатдаги чартер рейси етиб келди.

ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхонов АҚШ ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган 44 киши Ватанига қайтарилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқароларини «хавфсиз ва ўз вақтида етказиш» бўйича рейс АҚШнинг масъул идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилган.

«Бошқа давлатлардаги мамлакатимиз фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Ватанига қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик давом этмоқда», — дея қўшимча қилди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан берилган изоҳда шундай дейилади: «Бугунги ҳаракатлар кўрсатганидек, Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйиш ва ўз чегаралари хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги мажбуриятларида қатъийдир. Биз ушбу устувор йўналишни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан мустаҳкам шериклик ва яқин ҳамкорлик учун чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз».

Авиация хизматлари маълумотларига кўра, рейс Американинг Omni Air International чартер авиакомпаниясига тегишли Boeing 767−300 самолётида амалга оширилган. Худди шу компания 2025 йил 10 октябрь кунги депортация рейсини ҳам бажарган эди.

Самолёт 2026 йил 20 январь куни маҳаллий вақт билан соат 6:50 да (Тошкент вақти билан 18:50 да) АҚШнинг Мексика билан чегарасида жойлашган Техас штатидаги Эль-Пасо шаҳридан ҳавога кўтарилган. Соат 12:30 да (Тошкент вақти билан 22:30 да) АҚШнинг шарқий соҳилидаги Нью-Гэмпшир штати Портсмут шаҳрига қўнган.

У ердан соат 14:43 да учиб кетиб, 21 январь куни соат 5:33 да (Тошкент вақти билан 8:33 да) Руминиянинг Бухарест шаҳрига етиб келган. Соат 9:43 да у ердан ҳавога кўтарилиб, соат 13:39 да (Тошкент вақти билан 14:39 да) Арманистоннинг Ереван шаҳри яқинидаги Звартноц аэропортига қўнган. Самолёт соат 15:39 да (Тошкент вақти билан 16:39 да) Тошкентга қараб учган ва соат 19:21 да пойтахт аэропортига келиб қўнган.