Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/01/2026

Ўзбекистонда инсульт ва инфаркт билан оғриган беморлар учун «олтин соат» тамойили асосида клиник йўналишлар йўлга қўйилади

2026 йил 1 майдан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида «Инфаркт ва инсультга қарши курашиш» миллий дастури ишга туширилади. Бу ҳақда 2026 йил 20 январь куни давлат раҳбари ҳузурида соғлиқни сақлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастур синовдан ўтказилгач, 2026 йил 1 октябрдан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини, 2027 йилдан эса бошқа ҳудудларни қамраб олади. Молиялаштириш учун жорий йилда 239 млрд сўм, 2027 йилдан бошлаб эса 280 млрд сўм ажратилади.

«Олтин соат» тамойили

Инсульт ва инфарктга чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш протоколлари Stent for Life ва Action Plan for Stroke халқаро дастурлари асосида жорий этилади.

Регламент фавқулодда ҳолатларда «олтин соат» тамойилига асосланган. Инсульт ва инфаркт аломатлари пайдо бўлган вақтдан бошлаб дастлабки 60 дақиқа энг самарали даволаш, қон айланишини тиклаш ҳамда ногиронлик ва ўлим хавфини камайтириш учун ўта муҳим ҳисобланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси директори Элдор Одилов «O‘zbekiston 24» телеканалига берган интервьюсида дастурда инфаркт ва инсульт хавфи юқори бўлган бемор қайси тиббиёт муассасасига етказилиши кераклиги аниқ белгилаб қўйилишини айтди.

Ушбу дастур доирасида ёрдам кўрсатадиган тиббиёт муассасалари икки босқичга бўлинади. Биринчи босқич — МСКТ аппаратлари билан жиҳозланган муассасалар. Иккинчи босқич — ихтисослаштирилган инсульт ва кардиология марказлари.

Тошкентда ҳар бир босқич учун тўрттадан тиббиёт маркази белгиланган. Тошкент харитасида улар ранглар билан белгиланган: кўк ранг — биринчи босқич, қизил ранг — иккинчи босқич тиббиёт ташкилотлари.

«Тез тиббий ёрдам хизмати беморларни МСКТ мавжуд бўлган энг яқин тиббиёт муассасасига етказади. Ускуна ёрдамида инсульт ташхиси қўйилгач, бемор иккинчи босқичга — Тошкентдаги ихтисослаштирилган марказларга: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика кардиология маркази, Миллий тиббиёт марказига юборилади. Ушбу муассасаларда ангиография қурилмалари мавжуд бўлиб, улар ёрдамида бош мия ёки юрак қон томирларидан тромбларни олиб ташлаш ёки стентлаш амалиётлари бажарилади», — деди Элдор Одилов.

Унинг сўзларига кўра, ёрдамнинг бундай тарзда ўз вақтида кўрсатилиши беморларнинг одатий ҳаётга тезроқ қайтишига имкон беради ва ногиронлик хавфини камайтиради.

Шошилинч стационар тиббий ёрдам кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотларини ҳам жалб қилиш режалаштирилган. Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар ҳолатларида кўрсатиладиган тиббий хизматлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимида хавф гуруҳидаги аҳоли ва беморларнинг электрон реестри юритилади.

Жиҳозлаш

Дастур доирасида тиббий бригадалар телеметрик электрокардиографлар ва мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади. ЭКГ натижаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш ва ахборот тизими орқали узатиш, шунингдек, бригадалар ва шифохоналар ўртасида реал вақт режимида маълумот алмашиш имкониятлари яратилади.

Стационар муассасаларда сунъий интеллект асосида инсульт ташхисини қўйиш имконияти пайдо бўлади. Шифохоналар тромбни эритувчи дори воситалари ва шошилинч жарроҳлик амалиётлари учун зарур бўлган сарфлов материаллари билан таъминланади.

Ўқитиш ва ахборот кампанияси

Дастур доирасида 28 мингдан ортиқ тиббиёт ходими ўқитилади. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ижтимоий роликлар, инфографикалар, анимациялар ва қисқа метражли видеороликлар тарқатиш режалаштирилган. Бозорлар ва савдо марказлари яқинида мавзуга оид билборд ва баннерлар ўрнатилади.

Таълим муассасалари, корхоналар ва маҳаллаларда инфаркт ва инсульт белгиларини эрта аниқлаш бўйича тренинглар ўтказилади. Мактаб ўқувчилари учун FAST Heroes халқаро дастури ва Angels Initiative ташаббуси доирасида махсус машғулотлар йўлга қўйилади.

Ҳар йили 29 сентябрь — Халқаро юрак куни ва 29 октябрь — Бутунжаҳон инсультга қарши кураш куни муносабати билан бепул оммавий тадбирлар: қон босими, қанд ва холестерин даражасини ўлчаш ҳамда аҳолининг шошилинч ёрдам кўрсатиш масалаларидаги саводхонлигини ошириш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.

Дастур 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида ҳар йили сўровномалар ўтказишни, уларнинг натижалари бўйича эса аниқланган хавф гуруҳларида мақсадли тиббий кўриклар ташкил этишни кўзда тутади. Президент ушбу дастурни босқичма-босқич ва кечиктирмасдан амалга ошириш ҳамда хорижий мутахассисларни жалб қилиш вазифасини қўйди.