
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2026 йил 20 январь куни бўлиб ўтган мажлисда рақамли маркировка қоидалари бузилишини аниқлашга қаратилган масофавий солиқ текширувларини назарда тутувчи Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллади.
Ҳужжатда «масофавий солиқ текшируви» тушунчасини аниқлаштириш, солиқ тўловчи ҳузурига чиқмасдан текширув ўтказиш тартибини соддалаштириш, шунингдек «соғлом рақобат муҳитини» шакллантириш ва бюджет даромадлари барқарорлигини мустаҳкамлаш чоралари кўзда тутилган.
Мажлисда қайд этилишича, мамлакатда сифатсиз ва контрафакт маҳсулотлар реализацияси ҳолатлари ҳамон аниқланмоқда. Гап алкоголь маҳсулотлари, тамаки буюмлари, дори воситалари, салқин ичимликлар ва мажбурий рақамли маркировкага эга бўлиши шарт бўлган бошқа товарлар ҳақида бормоқда.
«Маркировкаланган товарлар айланмаси қарийб 200 трлн сўмга етди»
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев қонун лойиҳасини тақдим этар экан, у соя иқтисодиётига қарши курашиш ва ҳалол тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш вазифаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2025 йилда маркировкаланган товарлар айланмаси 199 трлн сўмни ташкил этган бўлиб, 2024 йилга нисбатан 33 трлн сўмга (20%) ошган.
«2025 йилдан тамаки маҳсулотлари бўйича адвалор акциз солиғи ставкасининг бекор қилинишига қарамасдан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан тушумлар 5,6 трлн сўмни ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 0,3 трлн сўмга кўп», — деди Мирзаев.
Шу билан бирга, у қайд этганидек, 2026 йил январь ойининг дастлабки 15 кунида 2480 та корхонада маркировка кодлари такрорланган ҳолда товар сотиш билан боғлиқ 80 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган, яна 701 та корхонада эса маркировка кодисиз товар сотишнинг 26 мингдан зиёд ҳолати қайд этилган.
Масофавий текширувлар қандай ўтказилади
Қонун лойиҳасидаги янгиликлардан бири Солиқ кодексига «масофавий солиқ текшируви» тушунчасини киритиш ҳисобланади. Бу режалар 2025 йил май ойидаёқ эълон қилинган эди. Ўшанда бундай текширувлар махсус гувоҳнома олиш талаб этилмасдан ўтказилиши айтилган.
Солиқ кодексида маркировка қоидалари бузилиши аниқланганидан сўнг солиқ тўловчини икки марта огоҳлантиришдан кейин масофавий солиқ текширувини ўтказиш тартибини мустаҳкамлаш таклиф этилмоқда.
«Солиқ органлари солиқ тўловчи ҳузурига чиқмасдан — фақат рақамли маркировка тизими орқали олинган маълумотларни таҳлил қилиш асосида текширув ўтказиш имкониятига эга бўлади», — дея тушунтирди Мубин Мирзаев.
Жарималар ва мутаносиблик ҳақидаги мунозара
Қонун лойиҳасида маркировка қоидаларини бузганлик учун қуйидаги жарималар назарда тутилган:
- биринчи марта — охирги ҳисобот чорагидаги соф тушумнинг 0,2 фоизи;
- такрорий ҳолда — 0,4 фоиз;
- учинчи марта — 1 фоиз;
- тўртинчи ва кейинги ҳолатларда — 2 фоиз.
Ҳозирда маркировка қоидаларини бузиш охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Депутат Дилмурод Артиков қонун лойиҳасининг концепциясини қўллаб-қувватлади, бироқ тадбиркорлар учун тартиб-таомиллар ва кафолатлар юзасидан саволлар берди.
«Олдиндан хабардор қилмасдан текширув ўтказилиши тадбиркорлар норозилигига олиб келмайдими? Текширув далолатномасига нисбатан норозилик қандай тартибда кўриб чиқилади?» — деб сўради.
Солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг маълум қилишича, бундай текширув бошланишидан олдин солиқ тўловчига шахсий кабинет орқали икки марта расмий огоҳлантириш юборилади. Қўшимча равишда SMS-хабарномалар ва телефон қўнғироқлари ҳам қўлланилади, хабардор қилиш факти қайд этилади.
Агар икки марта огоҳлантиришдан кейин ҳам қоидабузарликлар давом этса, тадбиркор 10 кун олдин масофавий текширув ўтказилиши ҳақида хабардор қилинади. Текширув якунларига кўра далолатнома тузилиб, шахсий кабинет орқали юборилади ва солиқ тўловчига уч иш куни ичида розилик ёки норозилик билдириш имконияти берилади.
«Норозилик бўлган тақдирда Zoom тизими орқали муҳокама ўтказилади, барча далиллар баённомага киритилади. Агар тадбиркор келтирган далиллар асосли бўлса, қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин», — деди Мирзаев.
Депутат Сайдулло Азимов ҳам ҳужжатнинг умумий йўналишини қўллаб-қувватлади, аммо жазонинг мутаносиб бўлмаслик хавфига эътибор қаратди.
Унинг сўзларига кўра, биринчи қоидабузарлик учун бир ой давомида соф тушумнинг 0,2 фоизи миқдорида жарима белгиланган, аммо бунда миқдорий мезонлар кўрсатилмаган.
«Натижада катта ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарадиган йирик корхоналар билан майда хатоларга йўл қўядиган кичик тадбиркорлар бир хил жавобгарликка тортилиши мумкин. Бир-иккита товарни маркировка қилмаслик билан минглаб маҳсулотни маркировка қилмаслик ўртасида катта фарқ бор. Аммо бу ҳолатлар бир хил қоидабузарлик сифатида баҳоланиб, бир хил санкция қўлланилади», — деди.
Парламентарий алоҳида хатолар сабаб тадбиркорларга ортиқча юк тушмаслиги учун миқдорий чегаралар ёки градация жорий этишни таклиф қилди.
«Гап одамлар саломатлиги ҳақида кетмоқда»
Танқидларга жавоб бериб, Мубин Мирзаев айрим ҳолларда қоидабузарликлар нафақат иқтисодий зарар, балки инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид билан боғлиқ эканини таъкидлади.
«Инсон саломатлиги, айрим ҳолларда эса унинг ҳаёти ҳақида сўз кетганда, етказилган зарарни пул ифодасида баҳолаш жуда қийин. Масалан, алкоголь маҳсулотининг бир донаси инсон саломатлигига зарар етказиб, кимнингдир умри қисқаришига олиб келса, бу зарар қанча маблағни ташкил этишини аниқ ҳисоблаб чиқиш жуда мушкул, баъзан эса умуман имконсиз. Шу сабабли бундай жарима миқдорлари белгиланган», — деди.
Унинг сўзларига кўра, жарималар корхонанинг соф тушумига боғланган бўлиб, бундай қатъий чоралар бошқа давлатларда, жумладан Корея Республикасида ҳам қўлланилади.
«Биз хорижий тажрибани ўргандик ва у ерларда ҳам акцизлар ва маркировка соҳасидаги қоидабузарликлар учун жарималар юқори даражада белгиланган», — дея қўшимча қилди Мирзаев.
Қонун лойиҳаси 131 нафар депутат томонидан қарши овозларсиз, 2 нафар бетараф қолган ҳолда маъқулланди. Ҳужжат иккинчи ўқишга қадар такомиллаштирилиши режалаштирилган.