Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 23/01/2026

Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг қотили умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Япония суди бир неча йил аввал мамлакат собиқ бош вазири Синдзо Абэни отиб ўлдирган Тэцуя Ямагамини умрбод озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди, деб хабар бермоқда Kyodo ва NHK. Судланувчи айбини тан олди.

45 ёшли Ямагами 2022 йил июль ойида Нара шаҳрида бўлиб ўтган сайловолди тадбирида нутқ сўзлаётган сиёсатчига қўлбола милтиқдан икки марта ўқ узган эди. Абэ олинган жароҳатлар туфайли шифохонада вафот этган.

Суд Ямагамининг қилмишини «жирканч ва ўта шафқатсиз» деб атади. «Кўп сонли одамлар кўз ўнгди ўқ узишдаги ғаразли ният бошқа ҳолатларга қараганда анча жиддийроқ», — деди судья Синичи Танака ҳукмни ўқиб эшиттирар экан.

Ямагамининг адвокатлари у гўёки «диний зўравонлик» ва «фожиали» тарбия қурбони бўлганини рўкач қилиб, уни 20 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўрашган эди. Унинг онаси Бирлашув черковига тахминан 100 млн иена (600 минг доллардан ортиқ) хайрия қилганидан сўнг оила касодга учраган.

Ямагамининг сўзларига кўра, у 2021 йилда сиёсатчининг черков билан боғлиқ тадбирдаги видеомурожаатини кўриб, собиқ бош вазир Япониядаги «Бирлашув черкови сиёсий фаолиятининг марказида» бўлган деган хулосага келган.

Бироқ прокурорлар судланувчи ҳаётидаги вазиятлар унинг ҳаракатларига ўта чекланган даражада таъсир кўрсатганини билдириб, умрбод қамоқ жазосини талаб қилишди. Суд айблов томонининг фикрига қўшилди.

Синдзо Абэ 2006—2007 ва 2012−2020 йилларда Япония бош вазири лавозимида ишлаган. Бу Япония тарихидаги ҳукумат раҳбари лавозимида энг узоқ вақт қолиш ҳисобланади.