
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди 2026 йил 20 январдаги мажлисида «Антикоррупция» нашрининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири Элёр Тожибоевга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда вилоят судлари матбуот хизмати хабар берди.
Элёр Тожибоев қуйидаги моддаларда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди:
- Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» банди (ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш);
- ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан ҳақорат қилиш);
- ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик);
- ЖКнинг 219-моддаси 1-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш);
- ЖКнинг 227-моддаси 2-қисми «а» банди (паспорт ёки идентификация ID-картаси, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатга нисбатан, ёхуд ўта муҳим ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган ҳужжатларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш);
- ЖКнинг 244-6-моддаси 1-қисми (ёлғон маълумот тарқатиш).
Жазоларни қўшиш орқали Тожибоев 3 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ, ЖКнинг 60 (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) ва 61-моддаларига асосан, суд аввалги жиноятлари учун тайинланган жазодан муддатидан олдин шартли озод қилишни бекор қилди ва қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
2021 йил ноябрь ойида суд ўша пайтда Effect.uz нашри мухбири бўлиб ишлаган Тожибоевни Жиноят кодексининг 219 (ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 236 (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) моддалари билан айбдор деб топиб, жазони манзил-колонияда ўташ шарти билан 3 йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Бунга Effect.uz нашри ходимлари ва жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси ўртасидаги хизмат хонасида содир бўлган низо акс этган видеотасвирнинг тарқатилиши асос бўлган эди.
«Антикоррупция» нашри маълумотларига кўра (нашр 2022 йилда AK XALQPARVAR GURUHI компанияси томонидан рўйхатга олинган), 2025 йил 16 майга ўтар кечаси Элёр Тожибоев ички ишлар органлари ходимлари томонидан уйидан олиб кетилган. Нашр суд жараёни чўзилаётганидан шикоят қилган эди.
Ўша йилнинг 29 апрелида у ўзининг Instagram саҳифасида Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоиловга видеомурожаат йўллаб, ҳуқуқлари бузилаётгани ва ички ишлар органлари унинг шикоятларига муносабат билдирмаётганини маълум қилган.
Тожибоевнинг сўзларига кўра, март ойида Фарғона шаҳар 2-сонли ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари жиноят ишлари бўйича шаҳар судига у «ёлғон ва туҳмат» деб атаган материалларни юборишган. Иш расмийлаштирилиб, судга оширилган, бироқ кейинчалик ушбу материаллар бўйича иш юритиш қонунчиликка асосан тугатилган.
Иш тугатилгандан сўнг Тожибоев Фарғона вилояти ИИБга мурожаат қилиб, материалларни тайёрлаган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш ва уларга интизомий чора кўриш масаласини кўриб чиқишни талаб қилган. Бироқ, унинг таъкидлашича, 47 кун давомида унга расмий жавоб берилмаган.
2025 йил 29 апрель куни Тожибоев вилоят ИИБнинг фуқароларни қабул қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлимига келиб, масъул мансабдор шахслар томонидан муносабат билдирилмаётгани унинг қонуний ҳуқуқларини бузаётганини билдирган. Шунингдек, у Фарғона вилояти прокуроридан виждонсиз ходимларга нисбатан қонуний чоралар кўришни ва унинг ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам беришни сўраган.