
Мирмуҳаммад Миршаҳидович Мирҳамидов Тошкент шаҳар ҳокимининг коррупцияга қарши курашиш бўйича комплаенс ва ички назорат масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди, деб хабар берди пойтахт маъмурияти. У ҳокимнинг ҳисоб бўйича 11-ўринбосари бўлади.
Мирмуҳаммад Мирҳамидов 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий — ҳуқуқшунос мутахассислигига эга. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Катта адлия маслаҳатчиси даражасига эга.
2006 йилдан буён прокуратура органларида турли лавозимларда ишлаб келган. 2023 йилдан Бош прокуратуранинг суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижро этилишида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев парламент ва халққа йўллаган мурожаатномасида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича «фавқулодда ҳолат» эълон қилган ва барча идораларда коррупцияга қарши комплаенс ва ички назорат учун масъул бўлган раҳбар ўринбосари лавозимини жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.
Президент таъкидлаганидек, янги лавозимни эгаллаган шахслар бюджет маблағлари талон-торож қилиниши ва ваколатлар суиистеъмол қилинишининг олдини олади ҳамда бевосита давлат раҳбарига ҳисобот беради. Комплаенс хизматлари фаолиятига тўсқинлик қилувчи шахслар коррупция иштирокчиси сифатида баҳоланади, деган эди.