
Ўзбекистон ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари босқичма-босқич аҳолига «тезкорлик ва шаффофлик тамойиллари асосида янада қулай ҳамда сифатли хизматлар кўрсатувчи» «сервис бўлинмалари»га айлантирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 19 январдаги ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш тўғрисидаги қарорида сўз боради.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментига (собиқ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси) 2026 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг биттадан туман (шаҳар) бўлинмаларида сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имкониятига эга «ақлли» миграция пунктини (Smart migration station) ташкил этиш топширилди.
Эксперимент якунларига кўра, келгуси йилда «ақлли» миграция пунктларини бошқа ҳудудларда, шунингдек, савдо-кўнгилочар марказлари ва туристик зоналарда очиш режалаштирилган.
Қарорда кўзда тутилишича, 2026 йил 1 февралдан бошлаб фуқароларга илк бор ID-карта расмийлаштирилаётганда унинг чипига электрон рақамли имзо сертификати бепул киритиб берилади. Бундан ташқари, фуқаро «Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчиларни идентификация қилиш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказилади.
2026 йил 1 майдан бошлаб ИИВ департаментига электрон виза асосида Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визаси амал қилиш муддатини бир марта, 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, миграция бўлинмалари чет эл фуқароларининг визалари амал қилиш муддатини, улар таълим олаётган муассасаларда ёки меҳнат фаолиятини амалга ошираётган корхона ва ташкилотларда бўлиш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш муддатини шартнома асосида, ушбу корхона, муассаса ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан узайтириши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, департаментга чет эл фуқароларига Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани расмийлаштириш ваколати берилади.
2026 йил 1 сентябрдан бошлаб талабаларни турар жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади, бунда рўйхатга олиш уларни талабалар турар жойига жойлаштириш тўғрисидаги шартномани тузиш билан бир вақтда амалга оширилади.
1 августга қадар сунъий интеллект технологиялари асосида электрон давлат хизматларини кўрсатиш, миграция ва персоналлаштириш соҳасида онлайн ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, шунингдек, иш ҳажми паст бўлган миграция бўлинмалари ҳақида маълумот олиш имкониятига эга «Passport-visa» мобил иловасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Шу муддатда «Face-ID» тизими орқали бошқа шахснинг розилиги талаб этиладиган миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини кўрсатишда шахсни масофадан туриб аниқлаш ва розилик олиш имконини берувчи «E-Rozilik» платформасини ишга тушириш мўлжалланган.
Сентябрь ойидан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (My.Gov.uz) ва Давлат хизматлари марказларида қуйидаги хизматлар кўрсатила бошлайди:
- хорижда истиқомат қилувчи ватандошларни ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш;
- фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш;
- мулкдорнинг ёки бўлиш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқаросининг мурожаати асосида бўлиш жойи бўйича рўйхатни бекор қилиш ҳақида ариза юбориш.