
2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларга илк бор ID-карта (миллий паспорт) расмийлаштирилаётганда унинг чипига электрон рақамли имзо сертификати бепул киритиб берилади.
Бундан ташқари, фуқаролар «Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчиларни идентификация қилиш ягона ахборот тизимида автоматик тарзда бепул рўйхатдан ўтказилади.
Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Солиқ қўмитаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ушбу таклифлари президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 19 январдаги қарори билан маъқулланди. Мазкур ҳужжат миграция ва персоналлаштириш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали такомиллаштиришга қаратилган.