
Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуаси қурилиши лойиҳасининг экологияга таъсирини баҳолаш бўйича жамоатчилик эшитувлари 2026 йил 23 январь куни бўлиб ўтади, дея хабар берди Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Эшитувлар соат 10:00 да Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида бошланади. Манзил: Ғазалкент шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 14-уй.
Эшитувлар давомида қуйидаги масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган:
- режалаштириш ва меъморий-қурилиш ечимлари;
- лойиҳанинг атмосфера ҳавоси, сув ресурслари ва тупроққа таъсири;
- чиқиндилар билан ишлаш масалалари;
- яшил майдонлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш;
- экологик хавфсизлик ва экологик мониторинг чоралари.
Лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар жамоатчилик эшитувлари давомида тақдим этилиши, шунингдек, ёзма шаклда юборилиши мумкин.
Ҳокимлик жамоатчилик вакиллари, мутахассислар ва барча қизиқувчиларни жамоатчилик эшитувларида иштирок этишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 август куни Ўзбекистон ҳукумати Sea Breeze Uzbekistan курортини ташкил этиш чора-тадбирларини тасдиқлаган эди. Уни Чорвоқ сув омборининг шарқий соҳилида жойлаштириш режалаштирилган.
Инвестор 577 гектар ерни 25 йилга имтиёзли нархда ижарага олади ва қурилиш ишларини ҳужжатларни тайёрлаш билан параллел равишда олиб бориши мумкин. Шунингдек, дарахтларни компенсация тўламасдан кўчириш кўзда тутилган.
Бош режани тезкорлик билан ишлаб чиқиш учун Британиянинг Scott Brownrigg архитектура компанияси жалб этилган.
2025 йил 4 август куни Sea Breeze Uzbekistan компанияси Ўзбекистонда қўшма корхона шаклида рўйхатдан ўтди. Қўшма корхона таъсисчилари озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларовнинг Agalarov Development компанияси ва Улуғбек Маҳмудов ҳисобланади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Чорвоқ сув омборида Sea Breeze Uzbekistan курорти қурилиши бўйича қатор саволларга жавоб бериб, курорт бюджет маблағларисиз — хусусий инвестициялар ҳисобидан қурилаётганини таъкидлади. Рағбатлантириш сифатида ер ижара ҳақи пасайтирилган, бироқ инвестор 240 млн доллар тўлаши керак. «Бу Чорвоқнинг йил бўйи ишлайдиган туризм, иш ва қулай ҳаёт марказига айланиши учун имконият», — деб баёнот берди ИСВВ.