Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 20/01/2026

Ўзбекистон автоимпортининг 71 фоизини электромобиллар эгаллади, гибрид ва бензинли машиналар киритилиши камаймоқда

Бир йил аввал қайд этилган, электромобиллар ва гибридлар импорти илк бор бензинли автомобиллар киритилишидан ошиб кетган тенденция 2025 йилда нафақат сақланиб қолди, балки сезиларли даражада кучайди.

2025 йил учун кўрсаткичЭлектромобилларБензинли автоГибридлар
Сони (дона)56 83219 8713 017
Йиллик динамика+140%-40%-82,7%
Импортдаги улуши71,2%24,9%3,8%
Импорт суммаси (млн $)70138880,9
Ўртача нархи ($)12 33519 50026 800

Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистонга 79 822 та автомобиль импорт қилинган бўлиб, бу миқдор жиҳатидан 2024 йилга нисбатан (74 505) 7,1 фоизга кўп. Шу билан бирга, етказиб бериш ҳажми доллар ифодасида 8 фоизга — 1,28 млрд доллардан 1,17 млрд долларгача камайган.

Умумий импорт ҳажмидан 56 832 таси электромобиллар ҳиссасига тўғри келди. Уларни харид қилиш қарийб 2,4 бараварга ошди. Электромобиллар жами автомобиль импортининг 71,2 фоизини эгаллади, ваҳоланки бир йил аввал уларнинг улуши қарийб 32,3 фоизни ташкил этган эди.

2025 йил давомида 19 871 та бензинли автомобиль олиб кирилган бўлиб, бу 2024 йилдагига (32 912) нисбатан қарийб 40 фоизга кам. Импортдаги улуш 44,2 фоиздан 24,9 фоизгача қисқарди.

Гибрид автомобиллар импорти 5,8 бараварга — 17 480 тадан 3 017 тагача, улуши эса 23,5 фоиздан 3,8 фоизгача тушиб кетди.

Дизелли машиналар етказиб бериш 4,6 бараварга — 22 тадан 102 тагача ошди.

Қиймат ифодасида электромобиллар импорти 3,1 бараварга — 224,7 млн доллардан 701 млн долларгача (жами импорт қилинган автомобиллар қийматининг 60 фоизи) ошди. Битта электр двигателли автомобилнинг ўртача нархи 32,2 фоизга — 9 328 доллардан 12 335 долларгача кўтарилди.

Бироқ, декабрь ойи маълумотларига қаралса, импорт қилинган битта электромобиль нархи 17 600 доллардан ошган, ваҳоланки бир йил аввал бу кўрсаткич қарийб 5 100 долларни ташкил этган.

Бу 2025 йил 1 майдан бошлаб электромобиллар учун утилизация йиғимининг 2,3−4 бараварга оширилгани билан боғлиқ.

Бензинли машиналар етказиб бериш 706,8 млн доллардан 388 млн долларгача (-45%) камайди. Битта ички ёнув двигателли автомобилнинг ўртача нархи 9 фоизга — 21,5 минг доллардан 19,5 минг долларгача пасайди.

Гибридлар хариди қиймат ифодасида 4,2 бараварга — 339,3 млн доллардан 80,9 млн долларгача қисқарди. Аммо бундай автомобилнинг биттасининг нархи ўртача 38 фоизга — 19,4 минг доллардан 26,8 минг долларгача кўтарилди.

Декабрдаги импортнинг кескин сакраши

Айниқса сезиларли ўсиш декабрь ойига тўғри келди. Йилнинг сўнгги ойида мамлакатга умумий қиймати 51,7 млн доллар бўлган 2887 та автомобиль олиб кирилди, бу ноябрь ойидаги кўрсаткичлардан қарийб икки баравар кўп. Молиячи Отабек Бакировнинг тахмин қилишича, бу двигатель ҳажми 1 ва 1,2 литр бўлган кичик ҳажмли автомобиллар учун божхона тўловларининг кескин ошиши кутилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, шу сабабли импортчилар етказиб беришни тезлаштирган бўлиши эҳтимол.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги утилизация йиғими миқдорлари хусусий импортчилар ва кичик бизнес томонидан арзон электромобилларни олиб киришни унчалик фойдали қилмайди — ставка машина нархининг 50 фоизидан ошиши мумкин. Натижада бозор асосан бадавлат харидорлар учун очиқ бўлган қимматроқ моделларга қараб силжимоқда.

Қайд этиш жоизки, 2025 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонда 419,3 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 8,9 фоизга ёки 34,2 мингтага кўп.