
Кўплаб дорихоналар тиббий спирт ўрнига лосьон таклиф қилмоқда. Буни Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Яширин харидор» тадбири давомида тасдиқлади. Идоранинг маълум қилишича, дорихоналар устидан фуқаролардан шикоятлар келиб тушмоқда. Ўрганишлар 20 дан ортиқ дорихонани қамраб олди.
70 фоизли тиббий спирт ўрнига лосьондан фойдаланиш кутилган натижани бермаслиги ва саломатликка зарар етказиши мумкин, дейилади хабарда.
Спирт инъекциядан олдин терига ишлов бериш, асбоб-ускуналарни стерилизация қилиш, жароҳатларни тозалаш ва даволашда, шунингдек, жарроҳлик амалиётларида қўлланилади. Лосьон эса таркибида спирт миқдори кам бўлган косметик маҳсулот бўлиб, асосан терини тозалаш, ортиқча ёғлиликни камайтириш ҳамда косметика қолдиқларини тозалаш учун мўлжалланган.
Қўмитанинг аниқлашича, GDP (Зарур дистрибьюторлик амалиёти) сертификатлари жорий этилаётганда айрим спирт ишлаб чиқарувчилар лицензия ололмаган ва лосьон ишлаб чиқаришни бошлаган.
«Ушбу ҳолат истеъмолчиларга нотўғри маълумот берилишига ва натижада уларга зарар етишига олиб келмоқда. Рақобат қўмитаси мазкур ҳолатларни амалдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари деб баҳолайди», — дейилади қўмита баёнотида.
Идора бу ҳолат дорихоналарга нисбатан иш қўзғатилишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдириб, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига хат юборди.