Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 19/01/2026

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 75 млрд доллардан ошди

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди ва йил бошидан буён 11,3 млрд долларга кўпайди, деб маълум қилди Марказий банк.

Регулятор маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткичдан давлат ташқи қарзи 37,4 млрд долларни ташкил этган. Корпоратив ташқи қарз эса 38 млрд долларга етган, яъни корпоратив қарз олишлар ҳажми давлат ташқи қарзидан ошиб кетган.

Мамлакатнинг ташқи қарзи давлат ва хусусий (корпоратив) қарзлардан иборат. Шу билан бирга, «хусусий» тоифасидаги қарзларнинг салмоқли қисми давлат иштирокидаги компания ва банклар ҳиссасига тўғри келади — жумладан, илгари халқаро бозорларда кўп миллиардлик облигациялар чиқарган UzAuto Motors, «Ўзбекнефтгаз», Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк» ва бошқалар шулар жумласидан.

2025 йилнинг учинчи чорагида жами ташқи қарз 3,2 млрд долларга, охирги 12 ой ичида эса 15,2 млрд долларга ошган.

Давлат ташқи қарзи учинчи чоракда 0,6 млрд долларга, йил давомида эса 4,9 млрд долларга кўпайган.

Асосий қисми давлат банклари ва компаниялари ҳиссасига тўғри келадиган корпоратив ташқи қарз учинчи чоракда 2,6 млрд долларга, йил давомида эса 10,3 млрд долларга ошган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг ёзишича, январь-сентябрь ойларида жалб қилинган ялпи ташқи қарз умумий ҳажмининг:

  • 35 фоизи — ҳукумат,
  • 24 фоизи — банк сектори,
  • 30 фоизи — номолиявий (бошқа) сектор ҳиссасига тўғри келган.

Қисқа муддатли қарз олишлар ялпи ташқи қарзнинг 7,8 фоизини ташкил этган, қолган қисми эса узоқ муддатли мажбуриятларга тўғри келган.

Жорий операциялар ҳисоби

2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 207,3 млн долларни ташкил этган, шундан фақат учинчи чоракнинг ўзида тақчиллик 112,8 млн доллар даражасида шаклланган. Таққослаш учун, 2024 йилнинг шу даврида жорий операциялар ҳисоби тақчиллиги 3,1 млрд долларга етган эди (учинчи чоракда — 242,1 млн доллар).

Марказий банкнинг қайд этишича, жорий операциялар ҳисоби кўрсаткичларининг яхшиланиши экспорт ўсиш суръатларининг импортга нисбатан юқори бўлгани, шунингдек, пул ўтказмалари ҳажмининг ортгани фонида юз берган.

Молиявий ҳисоб ва инвестициялар

Молиявий ҳисобнинг манфий қолдиғи 2,5 млрд доллардан ошган, шу жумладан 642,3 млн доллар — учинчи чорак ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, соф тўғри хорижий инвестициялар оқими 1,7 бараварга ортиб, 2,9 млрд долларни ташкил этган. Портфель инвестициялари ҳажми 2,2 баравар ўсиш кўрсатиб, 3,8 млрд долларга етган, бу асосан давлат ва корпоратив қарз воситалари ҳисобига юз берган.