Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/01/2026

Ўзбекистонда тезюрар поездлар чипталари нархи 15 фоизга оширилади

2026 йил 1 февралдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электропоездлари, шунингдек, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари чипталари нархи 15 фоизга оширилади, деб хабар берди «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси.

Afrosiyob поездлари учун чипталарнинг янги нархлари:

  • Тошкент — Самарқанд: VIP — 709 минг сўм; бизнес — 455 минг сўм; эконом — 311 минг сўм;
  • Тошкент — Қарши: VIP — 976 минг сўм; бизнес — 642 минг сўм; эконом — 429 минг сўм;
  • Тошкент — Бухоро: VIP — 1,13 млн сўм; бизнес — 760 минг сўм; эконом — 509 минг сўм.

Компаниянинг қайд этишича, нархларнинг ошиши электропоездлар ҳаракати инфратузилмасини модернизация қилиш, уларга техник хизмат кўрсатиш харажатлари ортгани, шунингдек, электр энергияси ва эксплуатация харажатлари ўсгани билан боғлиқ.

2025 йил 1 февралдан Afrosiyob поездлари чипталари нархи 20−25 фоизга, «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлариники эса 30 фоизга оширилган эди.

2024 йилдан бошлаб Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланувчи ва тезюрар йўловчи поездлари чипталари нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниб, тарифларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга ўтилган.

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг 2025 йил якунлари бўйича соф фойдаси 1,2 трлн сўмга (тахминан 100 млн доллар) етиши мумкин эди. Корхона икки йил ичида 2,23 трлн сўмлик зарардан чиқиб, чипталар нархи ошиши фонида даромаддорликнинг кескин ўсишига эришди.